Қозоғистон бензин ва дизель экспортига қўйилган тақиқни яна узайтирмоқчи

Қозоғистонда бензин ва дизель ёқилғисини экспорт қилишга қўйилган чеклов яна ярим йилга узайтирилиши мумкин. Энергетика вазирлиги бу бўйича янги қарор лойиҳасини тайёрлади.
Таклифда Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларига ёқилғи чиқаришни 2026 йил 22 ноябрдан 2027 йил 22 майгача тақиқлаш кўзда тутилган. Бошқа мамлакатлар учун чеклов 2027 йилнинг 1 январидан 30 июнигача давом этиши мумкин.
Тақиқ бензин, дизель ва авиакеросин билан чекланмайди. У газойл, енгил дистиллятлар, битум, толуол ва ксилол экспортини ҳам қамраб олади.
Ҳукумат қарори билан амалга ошириладиган махсус етказиб беришлар ҳамда инсонпарварлик юклари учун истиснолар сақлаб қолинади.
Қозоғистон аввал ҳам ички бозорда ёқилғи таъминотини барқарор сақлаш учун экспортни бир неча бор чеклаган. Амалдаги тартиб бензин, дизель ва айрим нефть маҳсулотларини автомобиль ҳамда темирйўл орқали олиб чиқишни чеклайди.
Россия Қозоғистондан бензин харид қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган, аммо Қозоғистон томони расмий сўров олинмаганини айтган.































Изоҳлар 0
…