Чақалоқларда иссиқлик тошмаси нега пайдо бўлади? Мутахассис тавсиялари

Ёзнинг иссиқ кунларида чақалоқлар орасида энг кўп учрайдиган муаммолардан бири — иссиқлик тошмасидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат, айниқса, янги туғилган гўдакларда тез-тез кузатилади.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ходими Ноиба Азимованинг айтишича, чақалоқларда тана ҳароратини бошқарувчи механизмлар ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шу билан бирга, уларнинг териси жуда нозик ва таъсирларга сезгир бўлгани сабабли иссиқ ҳаво ҳамда ортиқча намлик терида тошмалар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Иссиқлик тошмаси одатда бадан терисида майда қизил, пушти ёки оқ рангдаги пуфакчалар кўринишида намоён бўлади. Бу тошмалар кўпинча бўйин, қўлтиқ ости, чов соҳаси ва кийим танага зич тегиб турадиган жойларда учрайди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, касаллик ривожланишига иссиқ ва дим ҳаво, юқори намлик, синтетик матодан тикилган кийимлар ҳамда ортиқча вазн каби омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Агар фарзандингизнинг терисида шундай тошмаларни сезсангиз, ўзбилармонлик билан даволанишга уринмасдан, дерматолог ёки педиатрга мурожаат қилишингиз тавсия этилади.
Даволаш жараёнида терини қуруқ сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис крем ўрнига ортиқча намликни ўзига сингдирадиган ва терининг эркин нафас олишига ёрдам берадиган махсус кукунлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, болани чўмилтириш вақтида сувга мойчечак дамламаси қўшиш фойдали ҳисобланади. Чўмилгандан сўнг эса гўдакнинг баданини юмшоқ сочиқ билан эҳтиёткорлик билан артиб, таркибида талк, крахмал ёки рух бўлган кукун сепиш тавсия этилади. Бундай воситалар терини қуруқ сақлашга ёрдам бериб, инфекция ривожланишининг олдини олишга кўмаклашади.
Мутахассислар иссиқлик тошмасининг олдини олиш учун чақалоқларга синтетик кийимлар кийдирмасликни тавсия этади. Чунки бундай матолар ҳаво алмашинувини чеклайди ва терининг таъсирланишига сабаб бўлиши мумкин.
Бунинг ўрнига пахта, зиғир ёки жун каби табиий толалардан тайёрланган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, болалар хонасидаги ҳаво ҳароратини +20 °С атрофида ушлаб туриш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳамда чақалоқни мунтазам чўмилтириб туриш иссиқлик тошмалари хавфини сезиларли даражада камайтиради.






























Изоҳлар 0
…