Чирчиқ ва Қорадарё балиқларида микропластик топилди

Ўзбекистон дарёларидаги балиқлар организмида микропластик заррачалари кенг тарқалгани аниқланди. Олимлар ўрганган балиқларнинг ярмидан кўпида пластик толалар мавжуд бўлиб, йирик балиқларда уларнинг миқдори янада кўпроқ чиққан.
Тадқиқот Томск давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ва Андижон давлат университети олимлари томонидан ўтказилди.
Балиқларнинг 60 фоизида пластик аниқланди
Мутахассислар Сирдарёнинг ирмоқлари ҳисобланган Чирчиқ ва Қорадарёда яшайдиган 61 турдаги балиқни текширди.
Натижаларга кўра, ўрганилган балиқларнинг 60,7 фоизи организмида микропластик заррачалари топилган.
Ҳар бир балиқ организмида ўртача:
2,61 та пластик заррачаси;
қарийб 11,5 микрограмм пластик аниқланган.
Асосий қисми жуда ингичка толалар
Балиқлардан топилган пластикларнинг катта қисми жуда ингичка микротолалардан иборат бўлган.
Қорадарёда аниқланган заррачаларнинг 89,7 фоизи, Чирчиқда эса 93 фоизи айнан шундай толалар ҳиссасига тўғри келган.
Олимлар жами 15 турдаги пластикни аниқлади. Улар орасида энг кўп учраганлари:
полиэтилентерефталат;
полипропилен;
полиамид;
вискоза толалари.
Вискоза тўқимачилик саноатида кенг ишлатиладиган ярим синтетик материал ҳисобланади.
Пластик балиққа қандай зарар етказади?
Мутахассисларнинг тушунтиришича, микропластик балиқларга икки йўл билан зарар етказиши мумкин.
Биринчи ҳолатда қаттиқ толалар ҳазм қилиш тизимининг шиллиқ қаватини шикастлайди. Бу балиқ иштаҳасининг пасайиши ва ривожланишининг секинлашишига олиб келиши мумкин.
Иккинчи хавф пластик таркибидаги заҳарли қўшимчалар ва мономерлар билан боғлиқ. Улар балиқларнинг эндокрин ҳамда иммун тизими фаолиятини бузиши эҳтимоли бор.
Пластик барча турдаги балиқларда учради
Тадқиқотчилар балиқларнинг тури, жинси ёки озиқ занжиридаги ўрнига қараб сезиларли фарқ топмади.
Микропластик турли хил балиқларда бирдек аниқланган. Бу эса ифлосланиш муайян бир тур эмас, бутун сув экотизимига таъсир қилаётганини кўрсатади.
Йирик балиқларда пластик кўпроқ
Олимлар бир муҳим қонуниятни тасдиқлади: балиқ қанчалик йирик бўлса, унинг организмида пластик заррачалари шунчалик кўп тўпланади.
Бу ҳолат балиқлар узоқ вақт давомида ифлосланган муҳитда яшаши ва кўпроқ озиқ истеъмол қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тадқиқот натижалари Чирчиқ ва Қорадарёдаги пластик ифлосланиши фақат табиат учун эмас, балки ушбу сув ҳавзаларидан фойдаланадиган инсонлар учун ҳам жиддий огоҳлантириш эканини кўрсатмоқда.































Изоҳлар 0
…