Японияда 80 миллион йиллик махлуқнинг янги тури аниқланди

Японияда 80 миллион йиллик махлуқнинг янги тури аниқланди

Япония олимлари ўнлаб йиллар давомида сир сақланиб келган тошқотган қолдиқлар устидаги янги тадқиқотлар натижасида денгиз рептилияларининг илгари фанга номаълум бўлган турини аниқлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Окаяма фан университети ҳамда бошқа илмий муассасалар мутахассислари 1990-йилларда топилган қадимий қолдиқларни қайта таҳлил қилди. Илгари ушбу топилма бўр даврида яшаган йирик денгиз йиртқичлари — мозазаврларга тегишли деб баҳоланган эди.

Қайд этилишича, тошқотган қолдиқлар 1990–1992 йилларда Япониянинг Кайдзука шаҳри ҳудудидан топилган ва шу вақтгача Осака префектурасидаги Кисивада Табиат тарихи музейида сақланиб келган. Техник имкониятлар етишмагани сабабли улар узоқ йиллар давомида чуқур ўрганилмаган.

Сўнгги йилларда палеонтология соҳасидаги янги технологиялар ва илмий ютуқлар туфайли мутахассислар қолдиқларни тош қатламларидан эҳтиёткорлик билан ажратиб, батафсил таҳлил қилишга муваффақ бўлди.

Тадқиқотлар жараёнида олимлар ҳайвоннинг юқори жағ суягида илгари ҳеч бир мозазавр турида қайд этилмаган учта ўзига хос анатомик тузилмани аниқлади. Шунингдек, тахминан 6 метр узунликка эга бўлган ушбу денгиз рептилиясида бошқа мозазаврларга хос қон томирлари ўтадиган махсус ариқча ҳам мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Мутахассислар айнан шу ноёб анатомик хусусиятлар мазкур топилма илгари фанга маълум бўлмаган янги мозазавр турига мансуб бўлиши мумкинлигини кўрсатишини таъкидламоқда.

Олимлар қўшимча тадқиқотлар орқали ушбу ноёб топилманинг эволюция тарихи ва денгиз рептилиялари ривожланишидаги ўрнини янада аниқлашни режалаштирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар