АҚШда аёл қизи ва тўрт набирасини нега ўлдирди?

АҚШнинг Нью-Йорк штатида бир оиланинг олти аъзоси ҳалок бўлган мудҳиш воқеа жамоатчиликни ларзага солди. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, 64 ёшли аёл ўз қизи ва тўрт нафар набирасини заҳарлаб ўлдирганидан сўнг ўз жонига қасд қилган.
Daily Star нашрининг хабар беришича, фожиа қўшнилардан бирининг хавотири ортидан фош бўлган. У бир неча кундан буён қўшниларини кўрмагани учун уларнинг уйига борган, бироқ эшик тақилганига қарамай, ҳеч ким жавоб бермаган. Шундан сўнг полиция ходимлари бино маъмурияти ёрдамида хонадонга кириб, бир оиланинг олти нафар аъзосини жонсиз ҳолда топган.
Қурбонлар орасида 44 ёшли аёл ҳамда унинг 13, 11 ва 10 ёшли тўрт нафар фарзанди бўлган. Терговчиларнинг дастлабки хулосасига кўра, гумонланувчи уларни дори воситалари орқали заҳарлаган. Ҳодиса жойидан кўп миқдордаги дори-дармонлар ва қўлёзма хат ҳам топилган.
Мутахассислардан бири болалардан бири ўткир жисм таъсирида ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган. Ҳозирда токсикологик ва суд-тиббий экспертизалар давом этмоқда. Расмийлар ўлимнинг аниқ сабаблари бўйича якуний хулоса ҳали тайёр эмаслигини маълум қилди.
Тергов жараёнида ҳодисага бошқа шахслар алоқадор бўлганини тасдиқловчи далиллар аниқланмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеани оилавий можаро оқибати сифатида кўриб чиқмоқда.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзишича, болаларнинг отаси яқин кунларда фарзандларини вақтинча ўз қарамоғига олиш ҳуқуқини қўлга киритиши керак эди. Бу қарор гумонланувчи аёлнинг кескин норозилигига сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Фарзандларидан айрилган ота эса юз берган фожиани сўз билан ифодалаш қийинлигини таъкидлаб, бир лаҳзада ҳаёти бутунлай ўзгариб кетганини айтган. Ҳозирда ушбу мудҳиш воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…