Мисрнинг улкан ҳарбий штаби расман иш бошлади

Миср пойтахти Қоҳирадан тахминан 45 километр шарқда барпо этилаётган мамлакатнинг янги маъмурий пойтахтида дунёдаги энг йирик ҳарбий қўмондонлик маркази расман фаолиятини бошлади. Ўзига хос саккиз бурчакли архитектура ечими туфайли мажмуа «Октагон» деб номланган. Бу ҳақда Ahram Online нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Миср Қуролли кучларининг янги Стратегик қўмондонлик штаби мамлакат ҳарбий бошқарув тизимининг энг муҳим бўғинига айланган. Мажмуа армия, давлат вазирликлари ва бошқа муассасалар ўртасида ягона қўмондонлик, бошқарув, алоқа ҳамда мувофиқлаштириш маркази вазифасини бажаради.
«Октагон» Миср Қуролли кучларининг турли қўшин турлари ва стратегик бўлинмаларини рамзий ифодаловчи ўзаро туташган саккизта асосий бинодан ташкил топган. Мажмуа марказида жойлашган бош қўмондонлик биноси ҳарбий раҳбарият ўртасида тезкор маълумот алмашинуви ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш имконини беради.

Қарийб 92 квадрат километр майдонни эгаллаган мажмуа 13 та стратегик ва логистик ҳудудга ажратилган. У ерости дата-марказлари, булутли рақамли инфратузилма, замонавий сунъий йўлдош разведка тизимлари, Big Data таҳлили учун сунъий интеллект технологиялари ҳамда илғор киберхавфсизлик воситалари билан жиҳозланган.
Нашр маълумотига кўра, объект портлашлар ва ҳаво ҳужумларига бардош берадиган муҳандислик ечимлари асосида қурилган. Шунингдек, у автоном электр таъминоти, сув ва совутиш тизимларига эга бўлиб, фавқулодда вазиятларда ҳам узлуксиз фаолият юритиш имкониятини таъминлайди.
Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, «Октагон» архитектураси қадимги Миср рамзлари ҳамда мувозанат, тартиб ва аниқликни англатувчи саккиз бурчакли геометриядан илҳомланган. Янги штаб стратегик қарорларни тезкор қабул қилиш, инқирозли вазиятларни марказлашган тарзда бошқариш ва мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…