Непалда 14 йил филдан қочган оилани у барибир топиб ўлдирди

Непалда 14 йил филдан қочган оилани у барибир топиб ўлдирди

Непалда содир бўлган даҳшатли воқеа жамоатчиликни ларзага солди. Маълум бўлишича, ёввойи фил 14 йил давомида бир оилани таъқиб қилиб, унинг тўрт нафар аъзосининг ўлимига сабаб бўлган.

The Kathmandu Post нашрининг ёзишича, фожиа қаҳрамони Шаничара Боте оиласи илк марта 2012 йилда мусибатга дуч келган. Ўшанда Читван миллий боғи атрофида пайдо бўлган Дурбе лақабли ёввойи фил унинг ота-онаси — Будҳирам ва Жҳарали Ботени босиб ўлдирган.

Ушбу мудҳиш ҳодисадан кейин Шаничара Боте оиласи билан хавфсиз ҳудудга кўчишга қарор қилди. Улар бор-йўғини сотиб, бир нечта катта дарёни кесиб ўтиб, миллий боғдан анча узоқда жойлашган Жагатпур қишлоғига кўчиб ўтди. Аммо бу ҳам уларни фожиадан асраб қололмади.

Орадан йиллар ўтиб, 4 июль куни кечқурун айнан ўша фил Шаничара яшайдиган янги манзилга бостириб кирди. Ҳужум оқибатида унинг 25 ёшли келини Ашика Боте ҳамда 4 ёшли набираси Бҳарат Боте ҳалок бўлди.

Шаничара Боте бошидан кечирган мусибатни эслар экан, хавфдан қочиш учун барча чораларни кўрганини, аммо тақдир яна ўша фил билан юзлаштирганини айтди.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, ёш эркак филлар маълум ёшга етгач, подадан ҳайдалади ва мустақил ҳаёт кечира бошлайди. Бу ҳолат уларнинг тажовузкорлашишига сабаб бўлиши мумкин. Оқибатда айрим филлар озуқа излаб аҳоли яшаш ҳудудларига кириб, инсонлар учун жиддий хавф туғдиради.

Расмий маълумотларга кўра, Дурбе лақабли ушбу фил 2010 йилдан бери одамларга ҳужум қилиб келади. Шу вақтгача у камида 25 нафар инсоннинг ўлимига сабабчи бўлгани қайд этилмоқда.

Мазкур ҳодиса ёввойи ҳайвонлар билан инсонлар ўртасидаги тўқнашувлар муаммоси тобора жиддий тус олаётганини яна бир бор кўрсатди. Мутахассислар бундай фожиаларнинг олдини олиш учун миллий боғлар атрофида хавфсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар