Қўқонда 20 ёшли йигит танишини пичоқлаб ўлдирди: суд ҳукми чиқди

Қўқонда 20 ёшли йигит танишини пичоқлаб ўлдирди: суд ҳукми чиқди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ёшлар ўртасида узоқ вақтдан буён давом этиб келган низо қонли якун топди. Кўчада юз берган жанжал оқибатида бир йигит ҳалок бўлди, айбланувчи эса суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Суд материалларига кўра, воқеа куни 2006 йилда туғилган йигит мобил илова орқали такси чақириб, ўзига таниш бўлган уч нафар қиз билан Қўқон шаҳридаги савдо нуқталаридан бирига йўл олган.

У ерда у аввалдан келишмовчилиги бўлган бир гуруҳ йигитларга дуч келган. Вазият кескинлашишини англаган йигит автомобилдан тушмасдан ортига қайтишга қарор қилган. Бироқ қарши томон уни кўриб қолиб, автомашинада таъқиб қилишни бошлаган.

Маълум қилинишича, таъқибчилар Matiz автомашинасига етиб олиб, унинг эшик ва ойналарига зарба берган. Ҳодисадан саросимага тушган ҳайдовчи автомашинани бошқариш чоғида бетон тўсиққа уриб олган. Шундан кейин судланувчи рулга ўтириб, воқеа жойидан чиқиб кетишга уринган.

Орадан кўп ўтмай, Nexia автомашинасида келган йигитлар Matiz йўлини тўсиб, уни тўхтатган. Улар автомобилдаги қизлардан бирини туширишга уринган вақтда жанжал яна авж олган.

Шу аснода судланувчи ёнида бўлган пичоқни ишлатиб, ўз томонига яқинлашган йигитлардан бирига кўкрак қисмига зарба берган. Оғир тан жароҳати олган жабрланувчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ҳамда 267-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди.

Тайинланган жазолар қисман қўшилиб, унга 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Жазони умумий тартибли жазони ижро этиш колониясида ўташи белгиланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар