Украина Омскдаги йирик нефт заводига зарба берганини айтди

Украина Қуролли Кучлари Россия ҳудудидаги стратегик аҳамиятга эга Омск нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилганини маълум қилди. Корхона Украина давлат чегарасидан қарийб 2500 километр узоқликда жойлашган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабига кўра, зарбадан кейин завод ҳудудида ёнғин чиққан, етказилган зарар миқдори эса ҳозирча аниқланмоқда.
Илк бор зарба берилгани айтилмоқда
Қайд этилишича, Омск нефтни қайта ишлаш заводи Россиядаги энг йирик бензин ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири ҳисобланади.
Украина томонининг маълум қилишича, бу заводга аввал дронлар орқали зарба берилгани қайд этилмаган. Шу сабабли мазкур ҳужум масофаси ва нишоннинг аҳамияти жиҳатидан эътиборли ҳолат сифатида баҳоланмоқда.
Заводнинг қуввати 21 миллион тоннадан ошади
Омск НҚИЗ Россиядаги энг катта қувватга эга нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири бўлиб, унинг йиллик қуввати 21 миллион тоннадан ортиқ.
Заводда нефтни қайта ишлаш чуқурлиги тахминан 99 фоизни ташкил этади. Корхона кенг турдаги ёқилғи, мой ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Корхонада қандай маҳсулотлар тайёрланади?
Омск заводида қуйидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади:
АИ-92, АИ-95 ва G-Drive 100 бензинлари;
Евро-5 тоифасидаги дизел ёқилғиси;
ТС-1 ва РТ маркали авиация керосини;
бензол, параксилол ва ортоксилол;
мотор ва саноат мойлари;
техник углерод ишлаб чиқариш учун хомашё.
Украина томонининг таъкидлашича, заводда ишлаб чиқариладиган ёқилғининг бир қисми Россия армияси таъминотида ҳам қўлланади.
Асосий қурилмалардан бири зарарланган бўлиши мумкин
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби дастлабки маълумотларга таяниб, зарба оқибатида ЭЛОУ-АВТ-11 нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмаси зарарланган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Ушбу қурилманинг лойиҳа қуввати йилига 8,4 миллион тоннани ташкил этади.
Зарар миқдори ҳали аниқ эмас
Зарбадан кейин корхона ҳудудида ёнғин қайд этилгани айтилмоқда. Бироқ ишлаб чиқариш жараёни қанчалик издан чиққани ва завод фаолиятига қандай таъсир кўрсатгани ҳозирча маълум эмас.
Россия томони мазкур ҳужум ва етказилган зарар юзасидан ҳозирча батафсил расмий маълумот бермаган.































Изоҳлар 0
…