Франция музейидан 4 миллион евролик тақинчоқлар ўғирлаб кетилди

Франциянинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Lalique музейида йирик ва шов-шувли ўғирлик содир этилди. Номаълум шахслар музей ҳудудига бостириб кириб, умумий қиймати қарийб 4 миллион еврога баҳоланаётган қимматбаҳо заргарлик буюмларини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда France 24 нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 6 июлга ўтар кечаси Винген-сур-Модер шаҳрида жойлашган музейда содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, жиноятчилар тонгги соат 05:30 атрофида бинога кириб, тўғридан тўғри энг қимматбаҳо заргарлик буюмлари сақланадиган экспозиция залига йўл олган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, музейдан 20 га яқин ноёб заргарлик буюми олиб чиқиб кетилган. Ҳозирда етказилган моддий зарар аниқ баҳоланмоқда, аммо мутахассислар унинг қиймати бир неча миллион евро, эҳтимол 4 миллион еврога яқин эканини таъкидламоқда.

Ҳодисадан сўнг музей маъмурияти муассаса хавфсизлигини таъминлаш ва текширув ишларини ўтказиш мақсадида уни бир неча кунга ёпиш ҳақида қарор қабул қилди.
Маълумотларга кўра, ўғирлик вақтида хавфсизлик сигнализацияси ишга тушган. Бироқ ҳудуд текшириб чиқилганида воқеа жойига биринчи бўлиб музейнинг фарроши етиб келган ва у дарҳол полицияга хабар берган.
Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари кузатув камералари тасвирларини синчиклаб ўрганмоқда. Терговчилар жиноятчиларнинг шахсини аниқлаш, уларнинг ҳаракат йўналиши ҳамда ўғирланган қимматбаҳо буюмларни топиш бўйича кенг кўламли суриштирув ишларини давом эттирмоқда.






























Изоҳлар 0
…