Хитойда даҳшатли торнадо: 12-қаватдан эркак дивани билан учиб кетди

Хитойда даҳшатли торнадо: 12-қаватдан эркак дивани билан учиб кетди

Хитойнинг марказий қисмида кузатилган кучли торнадо катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Табиий офат оқибатида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳатланди. Энг ҳайратланарли ҳолат эса 12-қаватдаги хонадондан бир эркакнинг дивани билан бирга шамолга учиб кетганидир.

CNN маълумотига кўра, 6 июль куни Хубей провинциясида содир бўлган торнадо вақтида шамол тезлиги соатига 260 километргача етган. Офат оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлган, 331 нафардан ортиқ фуқаро турли даражада жароҳат олган. Минглаб уй-жойлар ва инфратузилма объектларига жиддий зарар етган.

Энг оғир талафотлар Хуанганг шаҳрида қайд этилди. Маҳаллий ОАВ хабар беришича, кучли шамол 12-қаватда яшовчи 30 ёшли эркакни дивани ва бошқа уй жиҳозлари билан бирга ҳавога кўтариб кетган. Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Айрим ҳудудларда эса торнадо оғир юк машиналарини ҳам ҳавога кўтариб, ўнлаб метр узоқликка ирғитган. Эжоу шаҳрида ҳам табиий офат катта вайроналарни келтириб чиқарган бўлиб, у ерда беш киши ҳалок бўлган. Қутқарув ишларига 3 мингдан зиёд мутахассис жалб этилган.

Мутахассислар таъкидлашича, Хубей провинциясида бундай кучли торнадолар жуда кам кузатилади. Бу галги офат ёзги муссон ёмғирлари ва “Майсак” тўфони таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Хитойнинг жанубий ҳудудларида кучли сув тошқинлари ҳам кузатилмоқда. Гуансида тўрт киши ҳалок бўлган, саккиз киши бедарак йўқолган. Ҳанчжоу шаҳрида эса тарихий ёғингарчилик қайд этилди.

Тошқинлар яна бир хавфли ҳолатни ҳам келтириб чиқарди. Сув босган илончилик фермасидан 800 дан ортиқ илон қочиб кетган. Улар орасида кобра каби ўта заҳарли турлар ҳам борлиги айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли махсус гуруҳлар билан илонларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин барча қутқарув хизматларига жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва хавфли ҳудудлардаги аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш бўйича топшириқ берган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар