Сиэтлда ўзбеклар янги қадам ташлади: энди “маҳалла” океан ортида ҳам яшайди

Сиэтлда ўзбеклар янги қадам ташлади: энди “маҳалла” океан ортида ҳам яшайди

АҚШнинг Вашингтон штатида яшовчи ўзбекистонликлар “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмасини ташкил этди. Ташкилот расман рўйхатдан ўтказилди ва ташаббус штат давлат котиби Стив Ҳоббс томонидан қўллаб-қувватлангани айтилмоқда.

Янги бирлашманинг асосий мақсади — АҚШдаги ўзбекларни бир даврага жамлаш, миллий қадриятларни сақлаш ва ёш авлодни Ўзбекистон билан руҳан боғлаб туриш.

Вашингтонда 3 мингдан ортиқ ўзбек яшайди

Маълумотларга кўра, бугун АҚШнинг Вашингтон штатида 3 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ва келиб чиқиши ўзбек бўлганлар истиқомат қилади.

Уларнинг катта қисми Сиэтл шаҳри ва унинг атрофида яшайди. Бу ҳудудда дунёнинг йирик технологик ва саноат компаниялари жойлашган.

Ўзбеклар Microsoft, Amazon ва Boeing каби компанияларда ишламоқда

Вашингтондаги юртдошларимиз Microsoft, Amazon, Google, Boeing, Oracle ва NVIDIA каби компанияларда фаолият юритмоқда.

Улар дастурий таъминот, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда. Бу эса ўзбек жамоасининг АҚШдаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.

“Ўзбек маҳалласи”га Мусо Холмуродов раҳбарлик қилади

Янги ташкилот раиси этиб асли Хоразмдан бўлган Мусо Холмуродов тайинланди. У Сиэтлда Маркс исми билан танилган.

Маълум қилинишича, Холмуродов Вашингтон штати ҳукумат тизимида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга. У Вашингтон штати Тузатиш ишлари департаменти тизимида иш бошқарувчи сифатида фаолият юритади.

Сиэтлда ўзбеклар янги қадам ташлади: энди “маҳалла” океан ортида ҳам яшайди

“Маҳалла — миллий ўзлик ва бирдамлик тимсоли”

Сиэтлдаги бош консул Аҳрор Бурхонов Kun.uz билан суҳбатда ушбу ташаббуснинг маънавий аҳамиятига тўхталди.

“Маҳалла халқимиз учун оддий бир уюшма эмас. У меҳр-оқибат, ўзаро кўмак, катта-кичикка ҳурмат, миллий ўзлик ва бирдамлик тимсолидир”, — деди у.

Бош консулнинг таъкидлашича, “Ўзбек маҳалласи” минглаб километр узоқда ҳам ана шу анъаналарни давом эттиришга хизмат қилади.

Ёшлар, маданият ва янги келганларга ёрдам

Янги жамоат бирлашмаси миллий байрамлар ва маданий тадбирларни ташкил этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, ташкилот янги келган юртдошларга мослашишда кўмаклашиш, ёшлар ва мутахассислар ўртасида ҳамкорлик тармоғини яратиш, хайрия ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

Сиэтлдаги ўзбеклар учун янги марказ

Вашингтон штати АҚШнинг иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудудларидан бири ҳисобланади. 2025 йилги маълумотларга кўра, штат ялпи ички маҳсулоти 900 миллиард доллардан ошган.

Ана шундай йирик иқтисодий ва технологик марказда “Ўзбек маҳалласи”нинг ташкил этилиши океан ортидаги юртдошлар учун фақат жамоат бирлашмаси эмас, балки миллий ўзлик, тил, маданият ва бирдамликни сақлаб қолиш йўлидаги муҳим қадам бўлмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар