Покистондаги уч қаватли ётоқли автобус интернетни ҳайратга солмоқда

Покистонда шаҳарлараро қатновлар учун хизмат қиладиган ноёб автобус жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Мамлакат йўлларида ҳаракатланадиган First Class Triple Decker Sleeper Limousine Plus дунёдаги ягона уч қаватли ва ётоқ ўринлари билан жиҳозланган автобус сифатида танилган.
Ушбу транспорт воситасининг энг катта ўзига хослиги унинг шахсий VIP-купелари ҳисобланади. Улар автобуснинг энг пастки қисмида, одатда юкхона жойлашадиган ҳудудда барпо этилган. Ҳар бир купега алоҳида енгил автомобиль эшиги орқали кирилади. Ташқи қисми эса лимузин услубидаги махсус аэрография билан безатилган.

Люкс-купеда йўловчилар учун диван-кроват, стереотизимга уланган телевизор, ёритиш тизими, музлаткич, столча ҳамда ҳайдовчи билан боғланиш учун телефон мавжуд. Бу ердаги шароит кўпчилик томонидан Emirates авиакомпаниясининг бизнес-классидаги саёҳатга қиёсланмоқда.
Автобуснинг иккинчи ва учинчи қаватларида ҳам қулай ва ҳашаматли ўриндиқлар жойлашган. Бироқ бу ерларда йўловчилар умумий салонда саёҳат қилади ва чипта нархи VIP-купеларга нисбатан анча арзон.

Бундан ташқари, автобусда мини-бар ва ошхона ҳам мавжуд. Таомлар транспорт воситасининг орқа қисмида тайёрланиб, кейин йўловчиларга тақдим этилади.
Мазкур ноёб автобус Покистон пойтахти Исломободдан Кветта шаҳригача қатнайди. Йўл тахминан 10–12 соат давом этади. Эътиборлиси, бу «автобуслар қироли»да саёҳат қилиш ҳар ким учун очиқ бўлиб, чипта нархи 4500 Покистон рупийси, яъни тахминан 195 минг сўмни ташкил этади.






























Изоҳлар 0
…