Англияда энг кўп қўйилган исм яна Муҳаммад бўлди

Англия ва Уэльсда 2025 йилда туғилган ўғил болалар орасида Муҳаммад исми энг оммабоп ном сифатида яна биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, мазкур исм учинчи йил кетма-кет мамлакатдаги энг кўп танланган ўғил болалар исми бўлиб қолмоқда.
Расмий статистикага кўра, ўтган йил давомида қарийб 6 минг нафар чақалоққа Муҳаммад исми берилган. Бу кўрсаткич рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган Ноа исмидан қарийб икки минг нафарга кўпдир. Муҳаммад ва Ноа сўнгги уч йилдан бери энг машҳур исмлар рўйхатининг юқори поғоналарини банд этиб келмоқда.
Бу йилги рейтингда Лео ва Лука исмлари ҳам юқори натижа қайд этиб, учинчи ва тўртинчи ўринларга кўтарилди. Улар аввалги йилларда юқори ўринларда бўлган Артур, Оливер ва Жорж каби исмларни ортда қолдирди.
Таҳлилларга кўра, Муҳаммад исмининг бошқа ёзилиш шакллари ҳам машҳурликни сақлаб қолмоқда. Моҳаммед варианти энг оммабоп исмлар рўйхатида 20-ўринни, Моҳаммад эса 55-ўринни эгаллади. Бу икки кўриниш ҳам қўшимча равишда минглаб янги туғилган чақалоқларга қўйилган.
Қиз болалар орасида эса Оливия исми кетма-кет яна энг машҳур ном сифатида қайд этилди. Кейинги ўринлардан Лили, Амелия, Айла ва Флоренс жой олган.
Мутахассислар таъкидлашича, Муҳаммад исми 2016 йилдан буён мамлакатдаги энг машҳур ўнталикдан тушмаган. Илк бор 1997 йилда энг оммабоп 100 та исм қаторига кирган мазкур исм йил сайин оммалашиб бормоқда.
Британия Миллий статистика хизмати бу ҳолатни мамлакатдаги мусулмон аҳолиси сонининг ортиши билан ҳам боғламоқда. Ҳозирги кунда Буюк Британияда қарийб 4 миллион нафар мусулмон истиқомат қилади ва улар мамлакат аҳолисининг тахминан 6 фоизини ташкил этади.
Таъкидланишича, мусулмон оилалар учун Муҳаммад исми нафақат фарзандга қўйиладиган ном, балки диний ва маданий қадриятларни сақлаб қолиш рамзи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, мамлакатда турли миллат ва маданиятларга хос исмларга қизиқиш ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…