Ўзбек алифбоси нега ўзгармоқда? Энг муҳим сабаблар очиқланди

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамаси давом этмоқда. Муҳокамалар жараёнида турли фикрлар билдирилаётган бўлса-да, мутахассислар бу ўзгаришлар фақат айрим ҳарфларни алмаштириш эмас, балки ўзбек тилини рақамли давр талабларига мослаштиришга қаратилганини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда алифбо масаласи фақат тилшунослар учун эмас, балки дастурчилар, сунъий интеллект муҳандислари, қидирув тизимлари ва рақамли хизматлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки замонавий технологиялар матнларни қайта ишлашда ягона ва аниқ ёзув қоидаларига эҳтиёж сезади.
Мутахассислар таъкидлашича, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси шошилинч тайёрланган ҳужжат эмас. У бир неча йил давомида тилшунослар, IT соҳаси вакиллари, журналистлар ҳамда жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган. Турли таклифлар ўрганилиб, энг мақбул ечим устида иш олиб борилган.
Экспертлар фикрича, 1993 йилда қабул қилинган лотин алифбоси ўша давр эҳтиёжларига жавоб берган. Аммо бугун интернет, электрон ҳукумат, сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологиялари ривожлангани сабабли ёзув тизимига нисбатан талаблар ҳам ўзгарган.
Шунинг учун ҳам янги лойиҳада айрим ҳарфларнинг ёзилишини соддалаштириш ва ягона стандартга келтириш таклиф этилмоқда. Бу эса электрон ҳужжатлар, қидирув тизимлари, онлайн хизматлар ва сунъий интеллект платформаларида ўзбек тили билан ишлашни анча осонлаштириши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозирги ёзувда айрим ҳарфларнинг турлича апострофлар билан ёзилиши маълумотлар базалари ва қидирув тизимларида қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради. Янги таклифлар эса бундай техник муаммоларни қисқартиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, экспертлар баҳс тўртта ҳарф атрофида эмаслигини алоҳида таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, асосий мақсад — ўзбек тилининг рақамли технологиялар билан уйғун ишлашини таъминлаш, келажакда сунъий интеллект, автоматик таржима, электрон луғатлар ва давлат ахборот тизимларида самарадорликни оширишдан иборат.
Мутахассислар хулосасига кўра, алифбони такомиллаштириш нафақат ёзувни соддалаштиради, балки ўзбек тилининг рақамли маконда рақобатбардошлигини кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса тилнинг келгуси ўн йилликларда замонавий технологиялар билан бир қадамда ривожланиши учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.






























Изоҳлар 0
…