Самолётдан сакраган инструктор талабасини осмонда ёлғиз қолдирди

Аргентинада парвоз машғулоти вақтида содир бўлган кутилмаган ҳодиса жамоатчиликни ларзага солди. Тажрибали парвоз инструктори машғулот ўртасида самолётни тарк этган, унинг 22 ёшли талабаси эса ҳавода ёлғиз қолиб, ҳаво кемасини мустақил равишда қўндиришга мажбур бўлган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар прокуратура маълумотларига таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, воқеа 4 июль куни Аргентинанинг Толедо шаҳри осмонида содир бўлган. Cessna 150G русумли ўқув самолётида парвоз дарси олиб бораётган инструктор Леандро Андрес Бертаццо талабаси Розариога: «Нима қилиш кераклигини биласан, давом эт», деган сўзларни айтгач, самолётни тарк этган.
Хусусий учувчилик лицензиясига эга бўлган Розария зудлик билан Кордовадаги Flying Parrot парвоз мактаби диспетчерлари билан боғланган. Мутахассислар унга фавқулодда вазият бўйича кўрсатмалар бериб турган ва у катта босимга қарамай, ўқув самолётини хавфсиз тарзда аэродромга қўндиришга муваффақ бўлган.

Парвоз мактаби директори Эдуардо Альварес талабанинг ҳаракатларини юқори баҳолади.
«У жуда қаттиқ руҳий зарба олган эди. Шунга қарамай, вазиятни босиқлик билан бошқарди, профессионаллик намоён қилди ва самолётни мукаммал қўндирди», деди у.
Ҳодисадан кўп ўтмай қидирув парвози амалга оширилган ва инструкторнинг жасади Кордова вилоятидаги қишлоқ ҳудудларидан бирида топилган. Расмийлар унинг вафот этганини тасдиқлади.
Прокуратура воқеа юзасидан тергов бошлаган. Мутахассислар самолётни экспертиза учун мусодара қилиб, ҳодисага олиб келган барча ҳолатларни ўрганмоқда. Тергов давомида инструктор яқин вақтларда руҳий саломатлиги билан боғлиқ муолажалар олгани ҳақида маълумотлар ҳам ўртага чиққан. Бу ҳақда, айтилишича, унинг яқин қариндошларидан бошқа ҳеч ким хабардор бўлмаган.
Парвоз мактаби раҳбариятининг таъкидлашича, ҳамкасблари ва талабалар инструкторнинг ташқи ҳолатида хавотирли аломатларни сезмаган. Шу боис ушбу воқеа улар учун ҳам мутлақо кутилмаган бўлган.

Терговчилар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда. Уларнинг айтишича, Cessna 150G самолёти эшигини парвоз вақтида очиш осон эмас ва бу юқори тезликда ҳаракатланаётган автомобил эшигини очишга қиёсланади. Шунга қарамай, ҳаво кемаси ҳодисадан кейин жиддий шикастланмаган, ҳатто эшиги ҳам бутун ҳолатда қолган.
Маълумотларга кўра, Леандро Андрес Бертаццо кўп йиллик тажрибага эга учувчи бўлиб, авиакомпания транспорти учувчиси (ATP), биринчи тоифали тижорат учувчиси ва парвоз инструктори лицензияларига эга эди. У фаолияти давомида қўшни Чилида ҳам ишлаган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш бўйича суриштирувни давом эттирмоқда.






























Изоҳлар 0
…