Космосда яширин ядровий қуроллар борми? Олимлар жавоб топди

Коинотда ядровий қуролларни яшириш эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар яна кун тартибига чиқди. Массачусетс технология институти (MIT) тадқиқотчилари сунъий йўлдошларда яширинган ядровий қуролларни аниқлаш имконини берувчи янги технологияни тақдим қилди. Мутахассислар фикрича, бу космосда оммавий қирғин қуролларини масофадан туриб текширишга хизмат қиладиган илк очиқ эълон қилинган усул ҳисобланади.
Маълум қилинишича, 1967 йилда қабул қилинган «Коинот бўйича шартнома»га мувофиқ, Ер орбитасига ядровий қурол жойлаштириш тақиқланган. Бироқ шу пайтгача сунъий йўлдошларда бундай қурол мавжуд ёки йўқлигини ишончли тарзда аниқлаш имкони бўлмаган.
MIT олими Арег Данагулян томонидан таклиф этилган технология ана шу муаммога ечим сифатида баҳоланмоқда. У ишлаб чиққан махсус датчик тизими шубҳа уйғотган сунъий йўлдошга хавфсиз масофада яқинлашиб, ундан тарқалаётган радиоактив заррачаларни қайд этади.
Тадқиқотга кўра, катта ҳажмдаги датчик тахминан 4 километр масофада бир ҳафта давомида кузатув олиб борса, ядровий материалларни 99 фоиз аниқлик билан аниқлай олади. Агар масофа 1000 метргача қисқартирилса ёки бир нечта ихчам датчиклар қўлланилса, текширув вақти бир неча соатгача қисқариши мумкин.
Қурилма уран ва плутоний каби радиоактив элементлардан ажралиб чиқадиган нейтронларни қайд этиш орқали ишлайди. Олим ўз тадқиқоти натижаларини нуфузли Nature илмий журналида эълон қилди.
Мутахассислар эслатишича, космосда ядровий портлашлар инсоният учун янги хавф эмас. Масалан, АҚШ 1962 йилда орбитада 1,4 мегатонна қувватга эга термоядровий қурилмани синовдан ўтказган. Бу тажриба натижасида бир қатор сунъий йўлдошлар ишдан чиққан ва кучли радиация таъсири кузатилган.
Бугунги кунда космосда қуролланиш бўйича хавотирлар яна кучаймоқда. Хусусан, 2022 йилда Россиянинг «Космос-2553» сунъий йўлдошини учириши Ғарб давлатларида турли тахминларга сабаб бўлди. АҚШ айрим расмийлари ушбу аппарат келажакда сунъий йўлдошларга қарши ядровий технологияларни синовдан ўтказиш учун хизмат қилиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Россия эса бу борадаги айбловларга расман розилик билдирмаган.
Доктор Данагуляннинг таъкидлашича, мазкур технология ҳали тўлиқ амалий тизимга айланмаган. Ҳозирча у бундай детекторларни яратиш илмий жиҳатдан мумкинлигини исботлаган. Эндиги босқичда ушбу лойиҳани амалга ошириш учун давлатлар, илмий марказлар ва халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
Экспертлар фикрича, агар технология амалиётга татбиқ этилса, у космосдаги қуролланиш устидан халқаро назоратни кучайтириш ва мамлакатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашда муҳим воситага айланиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…