Пиццадек кўзли улкан калмарга оид муҳим топилма аниқланди

Австралиялик олимлар жаҳон океани тубида яшовчи энг сирли мавжудотлардан бири — улкан калмарга тегишли муҳим изларни аниқлади. Бу кашфиёт Ғарбий Австралия соҳиллари яқинида сўнгги чорак аср ичида қайд этилган илк ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Тадқиқот натижалари Environmental DNA илмий журналида эълон қилинди.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ушбу ноёб мавжудотнинг изларини топиш денгиз биологияси соҳасидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Ғарбий Австралия университети ҳузуридаги Minderoo OceanOmics Centre маркази тадқиқотчиси доктор Жоржия Нестернинг айтишича, улкан калмарга оид далилларнинг топилиши одамларда катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотади.
Маълум қилинишича, улкан калмар сайёрамиздаги энг сирли денгиз жонзотларидан бири ҳисобланади. Унинг узунлиги 43 футгача (қарийб 13 метр) етиши мумкин бўлиб, бу деярли мактаб автобусидан ҳам узун ҳисобланади. Мавжудотнинг кўзлари эса катта пицца ўлчамига тенг бўлиб, Ер юзидаги барча тирик мавжудотлар орасида энг йириги саналади.
Шунга қарамай, улкан ўлчамига қарамасдан, бу жонзотни табиий муҳитида учратиш жуда қийин. Сабаби, улкан калмар океаннинг «шом зонаси» деб аталадиган, тахминан 600 метргача чуқурликда яшайди ва жуда эҳтиёткор ҳамда яширин ҳаёт кечиради. Шу боис у камераларга жуда кам тушади.

Олимлар бу сафар мавжудотнинг ўзига эмас, балки денгиз сувида қолган экологик ДНК (eDNA) изларига дуч келди. Бу усул сувда сақланиб қолган биологик материаллар орқали ҳайвонларни аниқлаш имконини беради. Мутахассислар таъкидлашича, мазкур усул океан тубида яшовчи кўплаб сирли турларни ўрганишда катта аҳамият касб этмоқда.
Ғарбий Австралия музейининг сув ҳайвонлари бўлими раҳбари ва моллюскалар куратори доктор Лиза Киркендейл ушбу натижани юқори баҳолаб, бу Ғарбий Австралия соҳилларида eDNA технологияси орқали улкан калмар биринчи марта аниқлангани, шунингдек, Ҳинд океанининг шарқий қисмида ушбу турнинг энг шимолий қайди эканини таъкидлади.
Тадқиқот Schmidt Ocean Instituteнинг Falkor илмий кемаси бортида амалга оширилди. Экспедиция давомида олимлар мингдан ортиқ сув намуналарини йиғиб таҳлил қилди.
Натижада жами 226 турга оид биологик излар аниқланди. Улар орасида Кювье тумшуқли кити, митти кашалот каби йирик денгиз ҳайвонлари, шунингдек, Ғарбий Австралия сувларида аввал умуман қайд этилмаган бир қатор турлар ҳам бор.
Жумладан, уйқучи акула, юзсиз балиқ, ингичка танали йиртқич чуқур денгиз балиғи каби ноёб жонзотлар аниқланган. Олимлар айрим намуналар ҳатто илм-фан учун мутлақо янги турлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

«Океан тубидаги биохилма-хиллик ҳақида биз ҳали жуда кам маълумотга эгамиз. Эндигина унинг ҳақиқий кўламини англай бошлаяпмиз», — деди доктор Жоржия Нестер.
Қизиқ жиҳати шундаки, улкан калмар илк бор тирик ҳолда фақат 2004 йилда камерага туширилган. Шундан буён ҳам у жуда оз марта табиий муҳитида тасвирга олинган. Илгари асосан соҳилга чиқиб қолган ёки ҳалок бўлган намуналар учрарди.
Олимлар яна бир муҳим маълумотни эслатиб ўтди. Улкан калмар дунёдаги энг катта умуртқасиз жонзот эмас. Бу унвон колоссал калмарга тегишли бўлиб, унинг вазни 500 килограммдан ортиши мумкин.
2025 йилда эса ушбу колоссал калмарнинг ёш намунаси Жанубий Сандвич ороллари яқинида илк бор табиий муҳитида видеога олинганди. Янги Зеландиядаги Окленд технология университети тадқиқотчиси Кэт Болстад ушбу тасвирларни тасдиқлаб, буни денгиз биологиясидаги энг ҳаяжонли кузатувлардан бири деб баҳолаган.






























Изоҳлар 0
…