Москвада роботлар тўйи ўтказилди барча уни муҳокама қилмоқда

Москва шаҳрида илк бор гуманоид роботлар ўртасида рамзий никоҳ маросими бўлиб ўтди. Ғайриоддий тадбир 9 июль куни Пушкин номидаги кутубхонада ташкил этилди ва у технология ихлосмандлари ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини тортди.
Маросимда «куёв» сифатида офис ходими ва блогер вазифаларини бажарувчи Роберт, «келин» сифатида эса балерина робот Матильда иштирок этди. Улар аввалроқ Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ–2026) таништирилган эди.
Тантанани олиб борган Мария Пантюхина бу воқеани гуманоид роботлар иштирокида ўтказилган биринчи никоҳ маросими сифатида эълон қилди. Унинг таъкидлашича, Роберт ва Матильдани замонавий технологиялардан ташқари, ривожланиш, билим олиш ва ҳамкорликка интилиш каби умумий қадриятлар ҳам бирлаштирган.
Маросим давомида роботлар бир-бирига рамзий садоқат қасамёдини қилди. Роберт Матильда учун ҳар қандай «алгоритм» шароитида ишончли ҳамроҳ бўлишини айтган бўлса, Матильда уни янги ғоялар ва кашфиётларга илҳомлантиришга ваъда берди.
Шундан сўнг уларнинг «уй ҳайвони» сифатида таништирилган Догматик номли робот-ит никоҳ узукларини олиб чиқди ва «келин-куёв» уларни ўзаро алмашди. Маросим якунида бошловчи тизимлар муваффақиятли синхронлашгани ва икки томоннинг розилиги асосида Роберт ҳамда Матильдани расман «робот турмуш ўртоқлари» деб эълон қилди.
Лойиҳани амалга оширган IT-Imperial компанияси вакилларига кўра, бундай тадбирлар гуманоид робототехникаси имкониятларини оммага яқиндан танитиш, шунингдек, роботлар келажакда инсонларга турли соҳаларда қандай ёрдам бера олишини намойиш этишга хизмат қилади.
Уларнинг фикрича, автоматлаштириш жараёнлари кенгайиб бораётган замонда инсонлар ижод, маданият ва янги ғояларга кўпроқ вақт ажрата олади. Бу йўлда робототехника муҳим ўрин тутиши таъкидланмоқда.






























Изоҳлар 0
…