Жанубий Корея янги виза очди: кимлар 3 йил яшай олади?

Жанубий Корея янги виза очди: кимлар 3 йил яшай олади?

Жанубий Корея хорижлик мутахассислар учун янги имконият яратди. Мамлакат ҳукумати масофадан туриб ишлайдиган хорижликлар, яъни «рақамли кўчманчилар» учун мўлжалланган F-1-D (Nomad) визасини расман жорий қилди.

Янги тартибга кўра, ушбу виза эгалари Жанубий Кореяда яшаган ҳолда хориждаги компанияси учун масофадан ишлашда давом этиши мумкин. Бу виза мамлакат ичида ишга жойлашишни талаб қилмайди ва айнан иш ҳамда саёҳатни уйғунлаштиришни истаганлар учун мўлжалланган.

Аввал F-1-D визаси 2024 йил январидан 2026 йил майигача синов тариқасида амал қилиб келган. Энди эса ҳукумат уни доимий асосда ва соддалаштирилган шартлар билан беришга қарор қилди.

Янгиланган қоидаларга мувофиқ, ариза берувчилар учун даромад бўйича талаблар ҳам енгиллаштирилди. Энди талабгорнинг ёши, яшашни режалаштираётган ҳудуди ҳамда аҳоли камайиб бораётган минтақаларга кўчиш нияти ҳисобга олинади. Масалан, 18–34 ёшли ва Сеул, Инчеон ҳамда Кёнги ҳудудларидан ташқарида яшашни режалаштирган хорижликлар ўтган йилги аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад миқдорига тенг даромадга эга бўлса, ушбу визани олиш имкониятига эга бўлади. 2025 йилда бу кўрсаткич 36 963 АҚШ долларини ташкил этган.

Жанубий Корея адлия вазири Жунг Сунг Ҳонинг таъкидлашича, мазкур дастур мамлакатга креатив ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш, уларни Корея ҳаёти билан яқиндан таништириш ҳамда келажакда мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга ундаш мақсадида йўлга қўйилган.

Яна бир муҳим янгилик — ушбу виза орқали мамлакатда яшашнинг максимал муддати икки йилдан уч йилгача узайтирилди.

Айни пайтда бундай дастурни жорий этган давлатлар сони ортиб бормоқда. Эстония, Португалия, Испания, Қозоғистон ва Грузия ҳам масофадан ишлайдиган хорижликлар учун махсус визаларни таклиф қилмоқда. Мутахассислар фикрича, рақамли кўчманчилар учун рақобат келгуси йилларда янада кучайиши кутилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар