Дам олиш кунлари ҳаво қандай бўлади? Ўзгидрометдан муҳим огоҳлантириш

Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати янада кўтарилиб, айрим ҳудудларда кучли жазирама сақланиб қолади. Синоптиклар маълумотига кўра, республика бўйлаб асосан қуруқ ва кам булутли об-ҳаво ҳукм суради.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, фақат тоғли ҳудудларда, шунингдек, 12 июль куни Фарғона водийсининг айрим жойларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Кундузи ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда 37–40 даража атрофида бўлади. Шимолий, жанубий ва чўл минтақаларида эса ҳаво 41–43 даражагача қизиши кутилмоқда. Кечаси эса ҳарорат 22–27 даража оралиғида бўлади.
11–12 июль кунлари айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши мумкин. Бу эса айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар юзага келиш эҳтимолини оширади.
Мутахассислар Тошкент вилояти, Андижон, Наманган ва Фарғона водийсининг тоғолди ҳамда тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари хавфи борлигидан ҳам огоҳлантирди.
Пойтахтда ҳам ҳаво асосан очиқ бўлади. Кундузи ҳарорат 38–40 даража, тунги вақтда эса 23–25 даража атрофида сақланади.
Синоптиклар прогнозига кўра, июль ойининг иккинчи ярми ҳам одатдагидан анча иссиқ кечади. Ой охирига қадар ҳаво ҳарорати 38–43 даража, айрим шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 45 даражагача етиши мумкин. Шу боис аҳолига куннинг энг иссиқ соатларида эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия этилмоқда.






























Изоҳлар 0
…