11 миллиард долларга қурилаётган сирли орол нимаси билан ажралиб туради?

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида умумий қиймати қарийб 10,9 миллиард доллар бўлган улкан лойиҳа — инсон саломатлиги ва фаровон турмушига мўлжалланган Фаҳид ороли барпо этилмоқда. Лойиҳани 2029 йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Лойиҳа Абу Даби ҳукуматига қарашли Aldar Development компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Компания вакиллари таъкидлашича, оролдаги ҳар бир бино, инфратузилма ва ҳудуд инсоннинг жисмоний ҳамда руҳий саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштирилган.
2,7 миллион квадрат метр майдонни эгаллайдиган оролда 6 мингдан зиёд турар жой, замонавий квартиралар, премиум виллалар, савдо нуқталари, пляж клублари ва сув спорти марказлари барпо этилади. Уй-жойларнинг нархи 517 минг доллардан бошланиб, 2 миллион долларгача етади.
Фаҳид оролининг марказий қисми орқали узунлиги 10 километр бўлган Берм парки ўтади. У ерда югуриш ва велосипед йўлаклари ташкил этилади. Шунингдек, ички йўлларнинг 70 фоиздан ортиғи сояли ҳудудлардан иборат бўлиб, аҳолининг пиёда ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратилади.
2028 йилда оролда Буюк Британиянинг машҳур King’s College School Wimbledon хусусий мактаби филиали иш бошлайди. У соғлом таълим муҳитини таъминлаш бўйича халқаро Fitwel сертификатига эга илк мактаб сифатида фаолият юритади.
Фаҳид оролининг ўзи ҳам Fitwel тизимида энг юқори — уч юлдузли рейтингни қўлга киритган дунёдаги биринчи лойиҳага айланди. Бунда жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш, руҳий барқарорлик ва касалликларнинг олдини олиш каби муҳим мезонлар инобатга олинган.
Мутахассислар фикрича, ушбу лойиҳа келажакда инсон саломатлигига йўналтирилган шаҳарсозликнинг янги намунаси сифатида эътироф этилиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…