АҚШлик айбланувчи: "Имконим бўлса, кўпроқ мусулмонни ўлдирар эдим"

АҚШнинг Юта штатида жойлашган Уэст-Валли-Сити шаҳридаги савдо марказида мусулмон эркакка пичоқли ҳужум уюштирган Питер Майкл Ларсенга нисбатан оғир жиноят айбловлари қўйилди. Бу ҳақда aa.com нашри хабар берди.
Прокуратура маълумотига кўра, 17 июль куни айбланувчига оғирлаштирувчи ҳолатларда қотилликка суиқасд қилиш моддаси бўйича икки эпизод асосида расмий айб эълон қилинган. Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса 13 июль куни содир бўлган. Ларсен мусулмон эркакка бир неча марта пичоқ билан ҳужум қилган.
Қайд этилишича, жабрланувчи танасининг турли қисмларига 15 марта пичоқ зарбаси олган ва кўп миқдорда қон йўқотган. У шифохонага етказилган бўлиб, унинг ҳозирги аҳволи ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Тергов ҳужжатларида келтирилишича, гумонланувчи жиноятни диний нафрат сабабли содир этганини тан олган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берган кўрсатмасида мусулмонларни атайлаб нишонга олганини, бу орқали бошқаларни ҳам шундай ҳаракатларга ундашни мақсад қилганини билдирган. Шунингдек, у савдо марказини айнан мусулмонлар кўп ташриф буюрадиган жой деб билгани учун танлаганини айтган.
«Агар имконим бўлганида, иложи борича кўпроқ мусулмонни ўлдирган бўлардим», — деган Ларсен терговчиларга.
Ҳужум содир этилганидан сўнг гувоҳлар полиция келгунига қадар айбланувчини ушлаб туришга муваффақ бўлган. Ҳозирда у Солт-Лейк округи қамоқхонасида сақланмоқда. Тергов ишлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…