ЖЧ–2026 иштирокчиси Кристиан Волпато қонида наркотик модда аниқланди

Австралиялик ярим ҳимоячи Кристиан Волпато Сидней кўчаларида тезликни меъёрдан оширгани сабабли икки бор тўхтатилгач, унинг организмида кокаин борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда "AU News" нашри хабар тарқатди.
22 ёшли футболчи дастлаб 23 июль куни тунда Анзак кўпригида ушланган. У соатига 60 километр белгиланган ҳудудда тезликни 86–94 километргача оширган. Ўшанда олинган алкогол тести манфий натижа кўрсатган.
Бироқ орадан икки соат ўтар-ўтмас, Волпато айни шу манзилда соатига 109 километр тезликда ҳаракатлангани учун қайта тўхтатилган. Бу галги текширув унинг қонида кокаин моддаси борлигини ошкор қилди.
Янги Жанубий Уелс ҳуқуқ-тартибот органлари футболчига тезлик бўйича жарима солингани ва унинг халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ярим йилга бекор қилинганини билдирди. Ҳозирда қўшимча таҳлиллар олиниб, суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) меъёрларига кўра, кокаин фақат мусобақалар ўтказилаётган даврда тақиқланган восита саналади. Шу боис футболчига спортдан четлаштириш жазоси қўлланилмаслиги кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…