Германияда тарихий завод атиги 1 еврога сотувга чиқарилди

Германияда тарихий завод атиги 1 еврога сотувга чиқарилди

Германиянинг Саксония-Анхалт ерида жойлашган Тангерҳютте шаҳри ҳокимияти XIX асрга оид йирик саноат мажмуасини аукционга қўйди. Магдебург шаҳридан шимолда жойлашган тарихий объектнинг бошланғич нархи атиги 1 евро этиб белгилангани кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур корхонага 1842 йилда ушбу ҳудудда темир рудаси конлари аниқлангач асос солинган. Қисқа вақт ичида завод Тангерҳюттени оддий шаҳарчадан йирик саноат марказларидан бирига айлантирган. Ўша даврда шаҳарнинг 1500 нафардан ортиқ аҳолиси айнан шу корхонада меҳнат қилган.

XIX аср охиридаги иқтисодий юксалиш даврида заводда кўча чироқлари, бурама зиналар, ванналар ва ҳатто бутун чой павильонлари ишлаб чиқарилган. Маҳсулотларга талаб жуда юқори бўлиб, улар нафақат Германияда, балки Япония, Миср ва Аргентина каби давлатларга ҳам экспорт қилинган. Бу эса заводнинг халқаро миқёсда танилишига хизмат қилган.

Бироқ Германия Демократик Республикаси (ГДР) тугатилганидан кейин афсонавий саноат мажмуаси аста-секин фаолиятини тўхтатиб, қаровсиз ҳолга келиб қолди.

Эндиликда шаҳар ҳокимияти объектга янги ҳаёт бағишлай оладиган инвестор топишни мақсад қилган. Шу боис заводнинг бошланғич нархи рамзий тарзда 1 евро қилиб белгиланди. Аукционда иштирок этиш истагидаги номзодлар аризаларини 30 сентябрга қадар топшириши лозим.

Бироқ янги эгасини катта масъулият ҳам кутади. Аукцион шартларига кўра, харидор меъморий ёдгорлик сифатида муҳофаза қилинадиган тарихий фасадларни зудлик билан мустаҳкамлаши ва уларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаши шарт бўлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар