Амир Хон нега Жуҳи Чавла билан 7 йил гаплашмаган?

Амир Хон нега Жуҳи Чавла билан 7 йил гаплашмаган?

Болливуднинг машҳур актёри Амир Хон ҳамкасби ва “Ишқ” фильмидаги партнёри Жуҳи Чавла билан муносабатлари ҳақида кутилмаган хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, икки актёр ўртасида арзимас сабаб туфайли жанжал чиққан бўлса-да, йиллар давомида гаплашмаганига қарамай, бир-бирига нисбатан ҳурмат ва ғамхўрлик сақланиб қолган.

Амир Хоннинг сўзларига кўра, келишмовчилик “Ишқ” фильмини суратга олиш жараёнида юз берган.

«Биз “Ишқ” фильмини суратга олиш вақтида қандайдир арзимас гап сабаб Жуҳи билан жанжаллашиб қолдик. Бу жуда кичик масала эди, лекин кейин менда худбинлик пайдо бўлди. Шунинг учун у билан бошқа гаплашмасликка қарор қилдим. Ҳатто суратга олиш пайтида ҳам ундан узоқлашардим. Нега бундай қилганимни ўзим ҳам билмайман.

У келиб ёнимга ўтирса, мен ўрнимдан туриб кетардим. Жуҳи билан на саломлашардим, на хайрлашардим. Фақат саҳналарда, иш талаб қилгандагина у билан мулоқот қилардим. Шундай қилиб, кейинги олти ёки етти йил давомида биз умуман гаплашмадик», — дейди актёр.

Амир Хоннинг таъкидлашича, йиллар давомида уларнинг мулоқоти тўхтаган бўлса-да, оғир кунларда ҳақиқий дўстлик ўзини намоён қилган.

Актёрнинг айтишича, биринчи турмуш ўртоғи Рина билан ажрашгани ҳақида хабар топгач, Жуҳи Чавла унга шахсан қўнғироқ қилиб, учрашишни таклиф қилган.

«Жуҳи Ринанинг ҳам, менинг ҳам яқин инсонимиз эди. У бизнинг келишмовчиликларимизни ҳал қилишни истади. Мен унинг қўнғироғига жавоб бермаслигим мумкинлигини у ич-ичидан ҳис қилган, аммо шунга қарамай, барибир менга қўнғироқ қилди. Бу ҳолат мени жуда таъсирлантирди.

Ўшанда мен ўртамиздаги ҳақиқий дўстликка заррача ҳам путур етмаганини англадим. Биз узоқ йиллар давомида гаплашмаган бўлсак-да, бир-биримизга ғамхўрлик қилишда давом этган эканмиз», — деди Амир Хон.

Актёрнинг ушбу иқрори мухлислар томонидан илиқ қарши олинди. Кўпчиликнинг фикрича, бу воқеа ҳақиқий дўстлик баъзан сукут даврини ҳам енгиб ўтиши мумкинлигини яна бир бор исботлайди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар