Германияда самолёт уй томини тешиб кирди, қурбонлар бор

Германиянинг шимолида 25 июль куни содир бўлган авиаҳалокат оқибатида кичик самолёт турар жой биносига қулаб тушиб, уй томини тешиб кириб кетди. Ҳодиса натижасида камида бир киши ҳалок бўлган, яна бир киши эса бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда AP News хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирча ўрганилаётган сабабларга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:00 ларда самолёт пастлай бошлаган ва Қуйи Саксония штатидаги Гандеркесее аҳоли пунктида жойлашган хусусий уйнинг томига келиб урилган.
Полиция маълум қилишича, самолёт бортида икки киши бўлган. Ҳалокат оқибатида улардан бири вафот этган. Қутқарув хизматлари бедарак йўқолган иккинчи шахсни қидириш ишларини давом эттирмоқда. DPA агентлиги хабарига кўра, самолёт қулаган пайтда уй ичида ҳеч ким бўлмаган. Бироқ бино жиддий шикастлангани ва унинг қулаш хавфи сақланиб қолаётгани айтилмоқда.
Ҳодисадан сўнг воқеа жойига тезкор хизматлар ва психологик ёрдам кўрсатувчи фавқулодда вазиятлар гуруҳи жалб қилинди. Шунингдек, ҳалокат содир бўлган ҳудуд атрофидаги 100 метр радиусда яшовчи аҳоли хавфсизлик мақсадида эвакуация қилинди. Электр таъминоти ҳам эҳтиёт чораси сифатида ушбу кўча бўйлаб вақтинча ўчирилди.






























Изоҳлар 0
…