Физикавий AI учун янги қадам: Мия тўлқинлари роботларни қандай ўқитади?

Калифорния штатининг Сан-Леарндо шаҳридаги омборхоналарнинг бирида сунъий интеллект соҳасидаги янги давр — Женга ўйини ёрдамида синовдан ўтказилмоқда. Сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун маълумотлар базасини яратувчи Энкорд компанияси робототехника соҳасидаги энг катта муаммо — реал дунё жисмоний машғулотлар маълумотларининг танқислигини ҳал қилишга киришди. Компания ходими Эндрю Цеха бошига махсус камера ва сенсорлар ўрнатилган гарнитур таққан ҳолда ёғоч блокларни эҳтиёткорлик билан ўрнидан қўзғатмоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, мазкур гарнитура нафақат атрофни кузатади, балки операторнинг мия тўлқинларини ҳам ўлчайди. Германиянинг Зандер Лабс неврология стартупи томонидан ишлаб чиқлган ушбу технология хатолик, ният ва ҳайрат каби руҳий ҳолатларни аниқлаш орқали моделларни ўқитиш учун янада фойдали маълумотлар тўпламини шакллантириш имконини беради. Энкорд ва Зандер Лабс ҳозирча ушбу ёндашувни синовдан ўтказмоқда.
Сунъий интеллект учун маълумотлар етишмовчилиги
Робототехника мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда асосий чеклов модел архитектураси эмас, балки реал жисмоний машғулотлар маълумотларининг кескин етишмаслигидир. ChatGPT каби чатботлар интернетдаги матнлар асосида ўқитилган бўлса, нейрон тармоқларга жисмоний ҳаракатларни ўргатиш учун бундай тайёр манбалар мавжуд эмас. Автомашиналар учун маълумот йиғиш қийин ва қимматга тушади, видеолардан фойдаланиш эса реал дунё аниқлигини таъминлай олмайди.Энкорд компаниясининг роботларни ўқитиш бўлими раҳбари Винеет Велмуруган матнлар етишмовчилиги муаммоси робототехникада ҳам долзарб эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, модел яратувчиларга YouTube видео корпусидан беш баравар катта ҳажмдаги маълумотлар базаси керак бўлади. Айнан шунинг учун ҳам маълумотларни шунчаки бошқариш эмас, балки уларни ўзи ишлаб чиқариш алоҳида бизнес йўналишига айланди.
Мия тўлқинлари орқали аниқланадиган имкониятлар
Зандер Лабс неврологи Лукас Геркенинг тушунтиришича, муайян вазифани бажариш чоғида сарфланадиган мия фаолияти ҳажми модел яратувчиларга қайси босқичда энг юқори қувватли моделларни ишга тушириш кераклигини кўрсатиб беради. Мазкур синов жараёнида роботларни масофадан бошқарувчи операторлар қаҳва идишидан чашкага суюқлик қуйиш ва покер чипларини тахлаш каби мураккаб амалларни бажариб, маълумотлар базасини бойитмоқда.Ҳозирги кунда Энкорд глобал миқёсда турли фабрикалардан эгоцентрик видеоларни йиғиш билан бирга, Сан-Леандродаги марказида мия тўлқинлари каби янги усулларни тажрибадан ўтказмоқда. Агар мазкур синовлар ўз самарасини берса, келгусида гуманоид ва омборхона роботларини тайёрлаш жараёни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…