Саҳнада Фаластин байроғини кўтарган мусиқий гуруҳ жазоланди

Саҳнада Фаластин байроғини кўтарган мусиқий гуруҳ жазоланди
Қисқача

Британиянинг Массиве Аттакк гуруҳи Сингапурдаги консерти вақтида саҳнада Фаластин байроғини намойиш қилгани ҳамда шиор айтгани сабабли мамлакатда қайта консерт ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Сингапур қонунчилигига кўра махсус рухсатномасиз хорижий давлатлар байроқлари ва сиёсий баннерларни намойиш қилиш тақиқлангани боис, қоидани бузган икки мусиқачига расмий огоҳлантириш берилиб, уларнинг мамлакатга кириши тақиқланди.

Британиянинг машҳур Massive Attack мусиқий гуруҳи Сингапурдаги концерти вақтида саҳнада Фаластин байроғини намойиш қилгани ортидан мамлакатда қайта концерт ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Сингапур полицияси маълумотларига таяниб, The Guardian нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июль куни бўлиб ўтган концерт давомида гуруҳнинг икки нафар аъзоси саҳнага Фаластин байроғини олиб чиққан. Улардан бири томошабинлар қаршисида «Free Palestine» («Фаластинга озодлик») дея шиор ҳам айтган.

Сингапур қонунчилигига кўра, махсус рухсатномасиз хорижий давлатларнинг байроқлари, давлат рамзлари ёки сиёсий мазмундаги баннерларни оммавий тадбирларда намойиш қилиш тақиқланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат мазкур талабларни бузганини таъкидлади.

Тергов натижаларига кўра, икки мусиқачига расмий огоҳлантириш берилди. Шу билан бирга, уларнинг келгусида Сингапур ҳудудига кириши тақиқланди. Мамлакатнинг медиа соҳасини тартибга солувчи регулятор эса Massive Attack гуруҳининг кейинги концертлар учун бериладиган ҳар қандай аризасини рад этишини маълум қилди.

Полициянинг қайд этишича, концерт ташкилотчиси лицензия шартлари ва мамлакат қонунларидан яхши хабардор бўлган. Шунга қарамай, концерт давомида ушбу қоидаларга риоя қилинмаган. Айни пайтда регулятор лицензия талаблари бузилган-бузилмаганини ҳам ўрганмоқда. Ҳозирча концерт ташкилотчилари ҳам, Massive Attack гуруҳи ҳам мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот бермаган.

Шунингдек, Сингапур полицияси мамлакат фуқаролари ва хорижликларни ташқи сиёсий можароларни мамлакат ҳудудига олиб кирмасликка чақирди. Идора бундай ҳаракатлар жамиятдаги ҳамжиҳатликка ва қонун устуворлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Massive Attack гуруҳи Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларини бир неча бор танқид қилиб келган ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи чиқишлари билан танилган. Гуруҳ етакчиси Роберт Дел Нажа жорий йил апрель ойида Лондонда Фаластинни қўллаб-қувватлаш акциясида иштирок этгани учун қўлга олинган 200 дан ортиқ намойишчилар қаторида бўлган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар