Фарғонада ҳашар вақтида “Инсон” маркази ходими ҳалок бўлди

Фарғонада ҳашар вақтида “Инсон” маркази ходими ҳалок бўлди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида ҳашар вақтида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Тоҳиржон Жўраев ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Ҳодиса 29 июль куни туман ҳудудида ўтказилган ҳашар вақтида содир бўлган. Маълум қилинишича, ҳокимлик томонидан “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳашарга жалб этилган.

Ҳашар давомида ёлланма ишчилар ўт ўриш учун махсус асбобдан фойдаланган. Жараён вақтида қурилманинг пичоғи синиб кетиб, яқин атрофда турган Учкўприк тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Тоҳиржон Жўраевнинг қорнига санчилган.

Оғир жароҳат олган ходим шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамай, вафот этган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, унинг оиласи доимий эътиборда бўлишини ҳамда зарур ижтимоий кўмак кўрсатилишини маълум қилди.

Агентлик мазкур воқеа юзасидан меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, ходимларнинг хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиниши ҳамда масъул шахсларнинг жавобгарлиги билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилишини билдирди. Текширув якунлари бўйича тегишли чоралар кўрилиши айтилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар