90 ва 95 ёшли жуфтлик 64 йиллик муносабатларидан сўнг никоҳдан ўтишди

2024 йилда Кенияда ноодатий ва кўпчилик эътиборини тортган никоҳ маросими бўлиб ўтди. 95 ёшли Иброҳим Мбого ҳамда 90 ёшли Табита Вангуи орадан қарийб 64 йил ўтгач, илк бор черковда расман никоҳдан ўтишди. Уларнинг таъсирли ҳикояси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўплаб инсонларда илиқ таассурот қолдирди.
Маълум қилинишича, жуфтлик 1960 йилдан буён бирга ҳаёт кечириб келган. Улар шу йиллар давомида фарзандлар тарбиялаб вояга етказган, неваралар кўрган ва катта оилага асос солган. Бироқ шунча йил бирга яшаган бўлишларига қарамай, расман эр-хотин сифатида никоҳдан ўтишмаган.
Ниҳоят, 2024 йилда улар ушбу орзуни амалга ошириб, яқинлари ва оила аъзолари иштирокида черковда никоҳ маросимини ўтказишга қарор қилди. Маросим қатнашчилар учун унутилмас ва ҳис-туйғуларга бой воқеага айланди.
Табита Вангуидан нега бу қадар узоқ вақт кутгани ҳақида сўралганда, у ҳазиломуз жавоб қайтарди.
“Эркаклар кўпинча фикрини ўзгартириб туришади, шунинг учун унинг қарори ҳақиқатан ҳам қатъий эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилишим керак эди”, — деди у.
Унинг ҳазил аралаш айтилган ушбу гапи йиғилганларни кулдирган, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса жуфтликнинг муҳаббат ва садоқатга бой ҳаёт йўлини юқори баҳолаган.






























Изоҳлар 0
…