Токиода суши тарқатадиган ноодатий автобус ишга тушади

Токиода суши тарқатадиган ноодатий автобус ишга тушади

Япония пойтахти Токиода сайёҳлар учун ғайриоддий гастрономик лойиҳа — икки қаватли SUSHI BUS ишга туширилади. Унда йўловчилар шаҳарни томоша қилиш билан бир вақтда, ҳаракатланаётган автобус ичида чекланмаган миқдорда суши тановул қилишлари мумкин.

Лойиҳани 2026 йил 10 октябрдан ишга тушириш режалаштирилган. Автобуснинг биринчи қаватида ошхона жойлашади. Сушилар шу ернинг ўзида тайёрланиб, махсус лифт орқали иккинчи қаватга олиб чиқилади. У ерда таомлар йўловчилар ўриндиқлари ёнидан ўтиб турадиган конвейерга жойлаштирилади.

Сайёҳлар тахминан 70 дақиқа давомида сушидан чекланмаган миқдорда баҳраманд бўлишлари мумкин. Автобус бориш нуқтасига эга оддий транспорт воситаси эмас — у шаҳар бўйлаб айланма йўналишда ҳаракатланиб, сайёҳлик масканларини томоша қилиш имконини беради. Якуний йўналиш ҳали тўлиқ белгиланмаган, аммо Сибуя, Гинза ва Асакусадаги машҳур жойлардан ўтиш режалаштирилган.

SUSHI BUS бир вақтнинг ўзида 20 нафар йўловчига хизмат кўрсатади. Саёҳат Токио вокзали яқинидаги Кадзибаси автотураргоҳидан бошланади. Бир киши учун чипта нархи 16 минг япон йени, яъни тахминан 100 доллар атрофида бўлади.

Лойиҳа муваффақиятли бўлиб, сайёҳлар орасида оммалашса, ташкилотчилар келгусида шундай автобусларни Осака ва Киотода ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Токио кўчалари бўйлаб сайр қилиб, бир вақтнинг ўзида ҳаракатланаётган конвейердан суши ейиш ғояси сизга қандай туюлди? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар