Маърифат Ортиқова: “Ошхонадан деярли чиқмайман” (видео)

Маърифат Ортиқова: “Ошхонадан деярли чиқмайман” (видео)

Таниқли актриса Маърифат Ортиқова “Менинг ошхонам” дастурида меҳмон бўлиб, уйда овқат тайёрлашга бўлган муносабати ҳақида гапирди. У кундалик ҳаётида деярли доим ўзи таом пиширишини, ҳатто гастрол сафарларига отланаётганда ҳам оиласи учун турли ярим тайёр маҳсулотларни олдиндан тайёрлаб қўйишини айтди.

Кўрсатув бошловчиси актрисадан: “Уйда қанчалик тез-тез овқат тайёрлайсиз?” деб сўради.

“Ошхонадан чиқмайман”, — дея ҳазил аралаш жавоб берди Маърифат Ортиқова.

“Бунга қандай улгурасиз?” — дея қизиқди бошловчи.

“Улгураман. Инсонда хоҳиш бўлса, ҳамма нарсага вақт топилади. Гастрол сафарларига кетаётганимда ҳам кўплаб таомларни ярим тайёр ҳолатда қилиб кетаман. Масалан, сомса, манти, ток дўлма, карам дўлма каби таомларни олдиндан тайёрлаб қўяман. Керак бўлса, ухламайман, лекин кетишимдан олдин ҳаммасини тайёрлаб, кейин йўлга чиқаман”, — деди актриса.

Бошловчи унинг оила аъзолари бу одатига қандай муносабатда бўлишини ҳам сўради. Маърифат Ортиқова эса оила аъзолари тайёрланган таомнинг янги пиширилганидан фарқи борлигидан шикоят қилмаслигини таъкидлади.

“Йўқ, чунки барра бўлади. Узоқ вақт сақлаб қўйилмайди, тез-тез пиширилади. Ўша кун учун керакли миқдор тайёрланади. Мен бугун пиширган овқатимни имкон қадар эртага қолдирмайман. Қозон ҳам ўша куннинг ўзида ювилиб, худди умуман овқат пиширилмагандек тоза туриши керак. Яъни кечаги овқат ейилмайди”, — дея қўшимча қилди актриса.

Маърифат Ортиқованинг сўзларидан унинг ошхонадаги тартиб-интизоми ва оиласи учун таом тайёрлашга алоҳида эътибор бериши кўриниб турибди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар