Меерутда аёл ариқни тозалатиш учун ғалати усул ўйлаб топди

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Меерут шаҳрида аёлнинг ғайриоддий ҳаракати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Маълум бўлишича, у маҳалладаги очиқ ва ахлатга тўлиб кетган ариққа бола тушиб кетгани ҳақида полицияга хабар берган. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Қўнғироқдан сўнг полиция ва шаҳар маъмурияти ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Ариқ бир неча йилдан бери тўлиқ тозаланмагани ва чиқиндилар билан тўлиб қолгани айтилмоқда.
Қидирув ишларига оғир техника ва махсус ходимлар жалб қилиниб, ариқдаги лой, чиқинди ҳамда тўпланиб қолган бошқа ифлосликлар олиб ташланган. Қарийб уч соат давом этган қидирув жараёнида ариқ синчиклаб текширилган, аммо ундан ҳеч қандай бола топилмаган.
Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари берилган хабар ёлғон бўлиши мумкинлигидан шубҳаланган. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл бу усулдан узоқ вақтдан бери тозаланмай келган ариққа масъулларнинг эътиборини қаратиш учун фойдаланган бўлиши мумкин.
Ҳодиса ортидан маҳаллий аҳоли шаҳар инфратузилмаси ва ариқларни ўз вақтида тозалаш масаласини кўтарди.
Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар аёлнинг полицияни чалғитганини танқид қилган бўлса, бошқалар унинг ҳаракати натижасида ниҳоятда ифлос ариқ тозаланганини таъкидлаган.
Воқеа маҳалладаги ободонлаштириш ишлари нега фавқулодда ҳолат юзага келгандагина тезлашгани ҳақида ҳам саволларни пайдо қилди.






























Изоҳлар 0
…