Покистондаги шифохона ёнғинида 14 чақалоқ ҳалок бўлди

Покистондаги шифохона ёнғинида 14 чақалоқ ҳалок бўлди

Покистон пойтахти Исломободдаги давлат шифохонасида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 14 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.

Фожиа 26 август куни эрталаб соат тахминан 07:00 да Покистон тиббиёт фанлари институти (PIMS)нинг Она ва бола саломатлиги бўлимида юз берган. Ёнғин шифохонанинг учинчи қаватидаги гинекология бўлимида жойлашган чақалоқлар палатасида бошланган.

Расмий маълумотларга кўра, ёнғин вақтида палатада 15 нафар янги туғилган чақалоқ бўлган. Улардан фақат бир нафари қутқарилган. Қолган 14 нафар чақалоқ вафот этган.

Дастлабки маълумотларда ёнғинга кондиционер қурилмасидаги носозлик ёки қисқа туташув сабаб бўлгани айтилмоқда. Бироқ ҳодисанинг аниқ сабаби текширув якунларидан сўнг маълум бўлади.

Қутқарув хизмати маълумотларига кўра, ёнғин ҳақидаги чақирув соат 06:54 да қабул қилинган. Олтита ўт ўчириш машинаси ва тўртта тез ёрдам экипажи воқеа жойига жалб этилган. Ёнғин қисқа вақт ичида назоратга олинган.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф воқеа юзасидан зудлик билан тергов ўтказишни буюрган. У масъул шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қатъий чора кўрилишини билдирган. Ҳодиса бўйича махсус текширув комиссияси ҳам тузилган.

Ҳозирда шифохона ҳудуди ўраб олинган, ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва хавфсизлик чораларига риоя қилинган-қилинмагани текширилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар