15 кун фақат сув ичган аёл 20 кг озди, аммо оғир касалликка чалинди

15 кун фақат сув ичган аёл 20 кг озди, аммо оғир касалликка чалинди

Хитойнинг Хэнань провинциясида 31 ёшли аёл тез вазн ташлаш мақсадида ўта кескин парҳезга мурожаат қилди. У 15 кун давомида овқат истеъмол қилмай, фақат сув ичган. Натижада қисқа вақт ичида қарийб 20 килограмм вазн йўқотган.

Бироқ тарозидаги рақамларнинг кескин камайиши унинг соғлиғига қимматга тушди. Орадан кўп ўтмай аёлда юриш қийинлашиши, мувозанатни сақлай олмаслик ва хотира билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган.

Шифокорлар уни текширувдан ўтказгач, Вернике энцефалопатияси деб аталувчи жиддий неврологик касалликни аниқлашган. Мутахассислар бу ҳолатни организмда витамин B1 — тиамин етишмаслиги ва оғир озиқланиш танқислиги билан боғлаган.

Энг ташвишли жиҳати шундаки, невролог Сун Гуйфан аёлнинг юриши ғалати тарзда ўзгариб, пингвинникига ўхшаб қолганини айтган. Шифокор унинг юришдаги муаммолари тўлиқ бартараф бўлмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган.

Маълум бўлишича, аёл қадимий даос анъаналаридан бири сифатида тилга олинадиган «бигу» усулига амал қилган. Ушбу амалиётда озиқ-овқатни кескин чеклаш ёки маълум муддат умуман истеъмол қилмаслик ҳолатлари учрайди. Бироқ шифокорлар узоқ муддатли очлик организмни зарур витамин ва бошқа озуқа моддаларидан маҳрум қилиб, жиддий асоратларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тез вазн ташлаш учун овқатдан бутунлай воз кечиш хавфли бўлиши мумкин. Айниқса, хотира бузилиши, мувозанат йўқолиши ёки кўз ҳаракатларида ғайриоддийлик пайдо бўлса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар