Бир йиллик қидирувга якун ясалди

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 2022 йил 27 июндаги ижро ҳужжатига асосан, ундирувчи Д.Х. фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун қарздор Ж.У.нинг даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Бироқ, қарздор Ж.У. алимент тўловларини қасддан тўламасдан, ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб, яшириниб юрганлиги аниқланган. Шу муносабат билан Мажбурий ижро бюроси Кармана туман бўлими давлат ижрочиси томонидан 2025 йил 30 май куни қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Қидирув бўлими томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қарздор ўзининг яшаш манзилини қасддан ва мунтазам равишда ўзгартириб келганлиги аниқланган.
Тезкор маълумотлар асосида Бошқарманинг бир йилдан буён қидирувда бўлган қарздор Ж.У. Навбаҳор туманининг олис ҳудудларидан бири — «Кескантерак» маҳалласидан аниқланиб, ушланди.
Қарздор Ж.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47⁴-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Кармана туман судига юборилди ( алимент қарздорлиги 30 млн 759 минг сўмни ташкил қилган).
Натижада, суд томонидан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, алимент тўлаш мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаш ҳолатига нисбатан қонуний чора кўрилди.
Мазкур ҳолат алимент тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, фарзандлар таъминоти билан боғлиқ мажбуриятларни виждонан бажариш зарурлигини яна бир бор кўрсатади.































Изоҳлар 0
…