Рўзиқул Бердиев «Қизилқум»дан учралган мағлубиятдан сўнг нималарни ошкор қилди?

Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турида Қаршининг номдор «Насаф» жамоаси навбатдаги очколарни бой берди. «Қизилқум»га қарши кечган баҳсда қаршиликлар 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, мухлисларни яна бир бор хафсаласини пир қилди.
Учрашувдан сўнг «аждарлар» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида журналистлар қаршисига чиқиб, жамоадаги тизимли муаммолар, омадсизлик сабаблари ва миллий терма жамоага тайинланмаслиги борасидаги очиқ саволларга жавоб берди.
«Ҳимояда қўпол хатолар, ҳужумда эса ноаниқлик»
Қаршиликлар устози мағлубиятнинг асосий тактик сабабларини очиқ тан олди:
Оддий голлар ва ҳимоядаги парокандалик: «Фақат бугунги ўйинда эмас, бошқа учрашувларда ҳам жуда оддий голларни ўтказиб юборяпмиз. Ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўймоқдамиз. Бугун ҳам стандарт вазият рақибга қўл келди»;
Ҳужумдаги ожизлик: «Иккинчи бўлимда қанчалик ташаббусга эга бўлиб, кетма-кет вазиятлар яратмайлик, барибир гол ура олмадик. Гол урмасанг, ғалаба қозонолмайсан деб бежиз айтишмайди. Ҳужумдаги ноаниқлик ва самарасизлик бизни мағлубиятга олиб келяпти».
Сўнгги 14 баҳсда 3 та ғалаба: «Бу биз учун хунук натижа»
Журналистлар «Насаф» сўнгги 14 учрашувнинг бор-йўғи 3 тасида ғалаба қозонгани бўйича мураббийга савол билан юзланишди:
«Тўғриси, бу статистикага бунчалик эътибор қаратмаган эканмиз. Қайсидир учрашувларда шунчаки омадсизликка учраяпмиз. Жамоа ёмон ўйнаяпти деб бўлмайди, лекин 14 ўйинда 3 ғалаба — бу биз учун жуда ҳам хунук кўрсаткич. Буни зудлик билан тузатишимиз шарт. Айнан шундай кетма-кет йўқотишлар туфайли жадвалнинг пастки қисмида қолиб кетмоқдамиз», — деди Бердиев.
Жаба Жигаурининг кетиши ва легионерлар сиёсати
Мураббий собиқ шогирди, бугунги кунда «Қизилқум» етакчиси сифатида майдонга тушган Жаба Жигаури масаласига ҳам тўхталди:
Чемпионликдаги ҳисса: Жаба ўз вақтида жамоа билан чемпион бўлишга катта ёрдам берган, бироқ таркиб янгиланиши ва бошқа футболчилар таклиф этилгани сабаб жамоани тарк этган;
Легионер танлашдаги муаммолар: Бердиев чет эллик футболчиларни танлаш осон кечмаслигини, айримларга мослашиш учун вақт, баъзиларига эса савия ва даража етишмаслигини, шу сабабли сўнгги вақтларда легионерлар трансферига камроқ қўл урилганини таъкидлади.
Миллий терма жамоа масаласи: «Бу савол менга эмас»
Матбуот анжумани якунида журналистлардан бири Рўзиқул Бердиевга: «Сиз энг тажрибали ва совриндор мураббийлардан бирисиз. Нима учун миллий жамоага жалб қилинмаяпсиз, сизга ишонч билдирилмаяпти?» дея нозик савол билан мурожаат қилди.
Мураббий ушбу саволга қисқа ва сирли жавоб қайтарди:
«Бу саволга қандай жавоб беришни билмайман. Бу савол, эҳтимол, менга эмасдир. Шунинг учун унга жавоб бера олмайман».































Изоҳлар 0
…