Давлат мулки ва ерларини сотиб олиш шартлари енгиллаштирилади

Давлат мулки ва ерларини сотиб олиш шартлари енгиллаштирилади

Ўзбекистонда давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштиришда тадбиркорлар учун қатор енгилликлар жорий этилмоқда. Бу Президентнинг 28 августдаги фармонида белгиланган.

Унга кўра, давлат активини сотиб олишда аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Шунингдек, актив қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаган тадбиркорга 25 фоиз чегирма берилади.

Бундан ташқари, актив қийматининг ярмини (50 фоиз)тўлаган харидорга қолган қисмини 7 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади (ёки 35 фоизини 3 ойда тўлаб, қолганини 5 йилга фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин).

Ер участкалари эса тадбиркорга тайёр ҳолда таклиф этилади. Яъни қурилиш учун зарур рухсатлар, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган ҳолда аукционга чиқарилади. Бу тадбиркорларни ҳужжат тўплаш учун ойлаб вақт сарфлашдан халос қилади.

Шунингдек, аукционда уч ой давомида сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилиши белгиланган.

Ислоҳотлардан мақсад — иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, самарасиз фойдаланилаётган активларни хусусий секторга ўтказиш ҳамда улар асосида янги лойиҳалар ва иш ўринлари яратишдан иборат.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар