Қозоғистонда «Айтхожин» деб номланган янги картошка нави яратилди

Қозоғистонлик олимлар юқори ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилиги билан ажралиб турадиган янги картошка навини яратди. Янги нав маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослаштирилгани билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Бу ҳақда Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, янги картошка нави «Айтхожин» деб номланган. Ушбу нав Қозоғистон Мева-сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Мурат Айтхожин номидаги Молекуляр биология ва биокимё институти мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлиги асосида яратилган.
Олимлар янги навни ишлаб чиқишда, аввало, Қозоғистоннинг тупроқ ва иқлим шароитларига яхши мослаша оладиган, серҳосил ҳамда турли касалликларга нисбатан бардошли картошка етиштиришни мақсад қилган.
Янги навни яратиш жараёнида анъанавий селекция усуллари билан бир қаторда замонавий биотехнологик ва молекуляр-генетик технологиялардан ҳам фойдаланилган. Бу усуллар картошканинг муҳим хусусиятларини янада самарали танлаш ва янги навнинг зарур кўрсаткичларини шакллантириш имконини берган.
Маълум қилинишича, мазкур тадқиқотлар 267-бюджет дастури ҳамда 2024–2026 йилларга мўлжалланган дастурий-мақсадли молиялаштириш лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири картошка, сабзавот ва полиз экинларини етиштиришни барқарор ривожлантиришдан иборат. Шу билан бирга, селекция ва уруғчилик тизимини такомиллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Янги «Айтхожин» нави Қозоғистон шароитида юқори ҳосил олиш, касалликларга чидамли экин етиштириш ва замонавий селекция технологияларидан самарали фойдаланиш борасидаги илмий изланишларнинг навбатдаги натижаси бўлди.






























Изоҳлар 0
…