Олмаота тоғларида сайёҳлар олдида қор барси пайдо бўлди (видео)

Олмаота тоғларида сайёҳлар олдида қор барси пайдо бўлди  (видео)

Олмаота тоғларида сайёҳлар камдан-кам учрайдиган қор барсига дуч келди. Нодир йиртқич тоғ сўқмоғида сайёҳлар гуруҳига ҳамроҳ бўлиб келган итни қувиб, кутилмаганда уларнинг кўз ўнгида пайдо бўлган.

Воқеа гувоҳларидан бири бу лаҳзаларни видеога муҳрлашга улгурган.

Олмаотада яшовчи Оксана Перекупконинг сўзларига кўра, сайр давомида гуруҳга маҳаллий ит ҳам қўшилган. Дастлаб ҳайвон сайёҳлар олдида югуриб борган. Бироқ дам олиш пайтида унинг хатти-ҳаракатлари кескин ўзгарган.

Итнинг жуни тикка бўлиб, диққати бир нуқтага қаратилган. Орадан кўп ўтмай, у тўсатдан югуриб кетган. Бир неча сониядан сўнг эса унинг ортидан қор барси пайдо бўлган.

Сайёҳлар ит учун хавотирланиб, бақира бошлаган. Аммо йиртқич одамларга яқинлашмаган. У бир неча сония давомида сайёҳлар томон қараб турган ва сўнг арча ортига ўтиб, кўздан ғойиб бўлган.

Бироз вақт ўтгач, қор барси сўқмоқнинг юқорироқ қисмида яна кўринган. Сайёҳлар йиртқич ўша ерда ўз ўлжасини қўриқлаётган бўлиши мумкин, деб тахмин қилган.

Шундан сўнг гуруҳ аъзолари итни ўзлари билан олиб, яқин аҳоли пунктига тушириб қўйган.

Қор барси Қозоғистоннинг Қизил китобига киритилган ноёб йиртқич ҳисобланади ва давлат муҳофазасида. Мамлакат ҳудудида унинг тахминан 200 га яқин вакили борлиги қайд этилган.

Сайёҳлар тасвирга олган ушбу камёб учрашув эса тоғларда табиат билан юзма-юз келишнинг нақадар кутилмаган бўлишини яна бир бор кўрсатди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар