Нью-Йоркда 10 дақиқадан сўнг эшиги автоматик очиладиган ҳожатхоналар пайдо бўлди

Нью-Йоркда 10 дақиқадан сўнг эшиги автоматик очиладиган ҳожатхоналар пайдо бўлди

Нью-Йорк шаҳрида 4 миллион долларлик лойиҳа доирасида 17 та замонавий жамоат ҳожатхонасини ўрнатиш бошланди. Улар шаҳарнинг бешта туманидаги аҳоли гавжум ҳудудлар ва жамоат майдонларига жойлаштирилмоқда.

Ҳожатхоналар бепул бўлиб, ҳар куни соат 07:00 дан 22:00 гача ишлайди. Улардан фойдаланиш учун QR-кодни сканерлаш, махсус илова ёки телефон орқали эшикни очиш мумкин.

Қурилмаларнинг ўзига хос жиҳати — уларда фойдаланиш вақти 10 дақиқа билан чекланган. Расмий маълумотларга кўра, 10 дақиқа ўтгач, чироқ ва овозли сигнал ишга тушади ҳамда эшик автоматик равишда очилади.

Фойдаланувчиларга вақт тугашидан олдин ҳам огоҳлантириш берилади. Хусусан, беш дақиқада фойдаланувчига ярим вақт ўтгани, саккиз дақиқада эса вақт якунланаётгани ҳақида хабар берилади.

Шаҳар маъмурияти бу тизим орқали жамоат ҳожатхоналаридан имкон қадар кўпроқ одам фойдаланишини таъминлашни кўзламоқда. Қурилмаларда ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит, қўл теккизмасдан фойдаланиладиган кириш тизими, қўл ювиш жойи, чақалоқларни алмаштириш столи ва иқлим назорати мавжуд.

17 та ҳожатхонани ўрнатиш ишлари 2026 йил сентябрь ойининг ўрталаридан бошланган ва октябрь охиригача давом этиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар