Хитойлик ўқитувчи ўқувчилари билан 4 метрлик сув ракетасини ясади

Хитойлик ўқитувчи ўқувчилари билан 4 метрлик сув ракетасини ясади

Хитойнинг Цзянси провинциясида фан ўқитувчиси Ван Ин ўқувчилари билан баландлиги 4 метрга етадиган кўп босқичли сув ракетасини яратди. Қурилма парвоз вақтида кучайтиргичларини ажратиши ва парашют ёрдамида ерга қайтиши билан эътибор қозонди.

Маълум бўлишича, ракета пластик челаклар, ичимлик идишлари ва бошқа оддий материаллардан йиғилган. У сув ҳамда сиқилган ҳаво босими ёрдамида ҳаракатланади. Парвоз давомида ракетанинг ён кучайтиргичлари, шунингдек, биринчи ва иккинчи босқичлари кетма-кет ажралади. Шундан сўнг ракета қисмларида парашютлар очилиб, улар хавфсиз тарзда ерга қайтарилади.

Ван Ин бундай тажрибалар орқали ўқувчиларга дарсликдаги назарий билимларни амалий тарзда тушунтиришни мақсад қилган. Ўқувчилар ракетани лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш жараёнида механика, ҳаво босими ҳамда парвоз тамойилларини амалда ўрганади.

Ўқитувчи сув ракеталари билан ишлашни бир неча йилдан бери давом эттирмоқда. The Paper маълумотига кўра, унинг тажрибаси бошқа педагогларга ҳам таъсир кўрсатган ва Хитой бўйлаб қарийб 3 минг нафар ўқитувчи сув ракеталарини дарс жараёнига олиб кирган.

Ван Ин ва ўқувчиларининг ракетани муваффақиятли учиришдан олдин 60 мартадан ортиқ муваффақиятсиз синовларни бошдан кечиргани ҳам қайд этилган. Ўқитувчи бундай тажрибалар нафақат илмий билим, балки хатолардан сабоқ олиш ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беришини таъкидлайди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар