Қашқадарёда ЙПХ ходимини обрўсизлантирувчи видео тарқатган фуқаро қамалди

Қашқадарёда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимининг хизмат фаолиятига оид видеони ижтимоий тармоқда тарқатган фуқарога 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро жорий йил июнь ойида ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттирган. Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан тегишли баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг фуқаро ЙПХ ходимининг хизмат фаолиятига оид видеони ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўйича маъмурий иш қўзғатилган.
Иш Қарши шаҳар жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Суднинг 24 сентябрдаги қарорига кўра, фуқарога 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Суд мажлисида фуқаро қилган ишига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган ва бундай ҳолатни бошқа такрорламаслигини айтган.






























Изоҳлар 0
…