Дунёда туғилиш кескин камаймоқда: демографик хавф кучайди

Дунёда туғилиш кескин камаймоқда: демографик хавф кучайди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Дунёдаги мамлакатларнинг учдан икки қисмидан ортиғида туғилиш даражаси аҳоли сонини барқарор сақлаш учун зарур бўлган 2,1 кўрсаткичидан пастга тушган.
  • Бу тенденсия нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатларда ҳам, масалан, Таиландда (0,78) ва Мексикада (1,2) яққол намоён бўлмоқда.

Аҳоли сонини барқарор даражада сақлаб қолиш учун зарур бўлган туғилиш кўрсаткичи дунёнинг кўплаб мамлакатларида пасайиб кетди. Бу тенденция энди нафақат бадавлат давлатларда, балки ривожланаётган мамлакатларда ҳам тобора яққол намоён бўлмоқда.

Аҳоли сонини бир маромда ушлаб туриш учун ҳар бир аёлга ўртача 2,1 нафар фарзанд тўғри келиши керак. Бироқ сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, дунёдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпида, аниқроғи, 195 та давлатнинг учдан икки қисмидан ортиғида туғилиш даражаси ушбу кўрсаткичдан пастга тушган. Бу ҳақда Financial Times маълумотларига таяниб, Bild нашри хабар берди.

Туғилиш даражасининг кескин пасайиши бугун фақат бой мамлакатларга хос ҳолат бўлиб қолмаяпти. Аксинча, ривожланаётган давлатларда ҳам мазкур тенденция янги демографик трендга айланмоқда.

Бу ҳолат айниқса Таиландда яққол кўзга ташланади. Мамлакатда туғилиш даражаси ҳар бир аёлга ўртача 0,78 нафар болани ташкил қилмоқда. Агар мавжуд вазият шу тарзда давом этса, юз йил ичида Таиланд аҳолиси деярли йўқолиб кетиши мумкин.

Мексикада ҳам сўнгги 25 йил давомида туғилиш кўрсаткичи икки бараварга қисқарган. 2024 йилга келиб, мамлакатда ҳар бир аёлга ўртача 1,2 нафар бола тўғри келган. Худди шундай тенденция Африка мегаполисларида ҳам кузатилмоқда.

Иқтисодчи Ҳесус Фернандес-Виляверде демографик пасайишни вақтинчалик ҳодиса сифатида баҳолаб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур жараён бир неча авлод давом этиши мумкин. Бу эса келажакда жиддий ва хавфли оқибатларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Мутахассиснинг таъкидлашича, гап фақат дунё аҳолисининг 8 миллиарддан 6 миллиардга қисқариши ҳақида бораётгани йўқ. Ушбу жараён узоқ муддатда аҳолининг бутунлай йўқолиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Ҳесус Фернандес-Виляверде прогнозларига кўра, дунё аҳолиси 2050-йилларда ўзининг энг юқори нуқтасига етиб, шундан кейин узлуксиз равишда камайиб бориши мумкин.

Шу билан бирга, кўплаб мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан етарлича бойиб улгурмасидан олдин қарий бошлайди. Масалан, Мексика ва Таиланд каби давлатлар Германия ёки Япония сингари бойлик тўплашга улгурмасдан, кекса аҳоли улуши ортиб бораётган жамият харажатларини қоплаш муаммосига дуч келиши мумкин.

Синсиннати университети (АҚШ) тадқиқотига кўра, туғилиш даражасининг пасайишида смартфонларнинг кенг тарқалиши ҳам асосий омиллардан бири бўлиши мумкин. Ёшлар интернет ва рақамли қурилмалардан фойдаланишга кўпроқ вақт сарфлаётгани сабабли, бир-бири билан юзма-юз мулоқот қилишга камроқ вақт ажратмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодий инқирозлар, уй-жой етишмовчилиги ва молиявий қийинчиликлар ҳам туғилиш кўрсаткичининг пасайишини янада кучайтирмоқда.

Аввалроқ Сингапурда ҳам туғилиш даражаси кескин камайиб кетгани сабабли давлат хизматчилари учун совчилик хизмати йўлга қўйилгани хабар қилинган эди. Мамлакатда сўнгги 60 йил ичида илк бор 2025 йилда 30 мингдан кам чақалоқ дунёга келган.

Шу билан бирга, Сингапур аҳолиси ҳам тобора қариб бормоқда. Мамлакатда вафот этганлар сони барқарор равишда ошиб, 2025 йилда тахминан 26 500 нафарга етган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар