Ҳар бир туғилган фарзанд учун 55 минг доллар берилади

Ҳар бир туғилган фарзанд учун 55 минг доллар берилади

Сингапур ҳукумати мамлакатда туғилиш даражаси изчил пасайиб бораётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар пакетини эълон қилди. Янги дастур доирасида ҳар бир фарзанд учун 17 ёшга тўлгунига қадар қарийб 70 минг Сингапур доллари, яъни тахминан 55 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Янги пакетга кўра, маблағнинг 10 минг Сингапур доллари фарзанд дунёга келганида берилади. Яна шунча маблағ унинг кейинги таълими учун ажратилади. Қолган қисми эса бола улғайиши жараёнида турли босқичларда босқичма-босқич тўлаб борилади.

Ҳукумат бундай ёндашув орқали оилаларга нафақат фарзанд туғилган дастлабки даврда, балки уни тарбиялаб, вояга етказиш жараёнида ҳам узоқ муддатли иқтисодий кўмак беришни кўзламоқда.

Бундан ташқари, кўп фарзандли оилалар учун ота-она таътили давридаги тўловлар ҳам кенгайтирилади. Бунда иш берувчилар зиммасидаги харажатларнинг янада катта қисми давлат томонидан қопланиши режалаштирилган. Шунингдек, фарзандли оилаларга биринчи уй-жойини имтиёзли дастур асосида харид қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, Сингапурда туғилиш коэффициенти ўтган йили рекорд даражада пасайган. Бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 0,87 нафарни ташкил этган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 0,97 нафар эди.

Демографлар аҳоли сонини табиий равишда барқарор сақлаб туриш учун, миграция ҳисобга олинмаганда, туғилиш коэффициенти тахминан 2,1 бўлиши кераклигини таъкидлайди. Шу билан бирга, аҳолининг қариб бориши ҳам Сингапур олдида турган жиддий демографик муаммолардан бирига айланмоқда.

БМТ мезонларига кўра, аҳолининг 21 фоиздан ортиғини 65 ёш ва ундан катта инсонлар ташкил этса, мамлакат “супер қариялар жамияти” ҳисобланади. Сингапур эса жорий йилда ушбу босқичга кириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Бош вазир Лоуренс Вонг ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларга қарамай, туғилиш даражаси аҳолини табиий равишда барқарор сақлаш учун зарур бўлган кўрсаткичга етиши эҳтимоли пастлигини билдирган.

Унинг таъкидлашича, агар мамлакат аҳоли ўсишида фақат туғилишга таянадиган бўлса, Сингапур фуқаролари сони қисқаради, аҳоли янада тез қарийди ва кекса авлодни қўллаб-қувватлаши керак бўлган ёшлар улуши камаяди.

Шу сабабли, Сингапур ҳукумати аҳоли ўсишини таъминлаш мақсадида иммиграция сиёсатини ҳам давом эттирмоқчи. Бироқ мамлакатга янги келувчилар назорат қилинган ва барқарор суръатда қабул қилиниши, сингапурликлар эса мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ташкил этиб қолиши таъкидланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар