Зумерлар нега аввалги авлодларга қараганда камроқ фарзандли бўлмоқда?

АҚШда ўтказилган тадқиқотга кўра, бугунги ёш авлод вакиллари аввалги авлодларга нисбатан 26 ёшгача камроқ фарзандли бўлмоқда. Масалан, 26 ёшли зумер аёлларнинг атиги 26 фоизи камида битта фарзандга эга. Худди шу ёшдаги миллениалларда бу кўрсаткич 47 фоиз, X авлодида 50 фоиз, бумерларда эса 46 фоизни ташкил этган.
Таҳлил Атланта Федерал резерв банки тадқиқотчилари томонидан АҚШдаги National Survey of Family Growth сўрови маълумотлари асосида ўтказилган. Натижалар янги авлод аёллари аввалги авлодларга қараганда фарзандли бўлиш эҳтимоли камроқ эканини кўрсатган.
Олимлар бу ҳолатни бир нечта омил билан изоҳламоқда. Жумладан, молиявий қийинчиликлар, иқтисодий беқарорлик ва келажакка нисбатан хавотирлар ёшларни оила қуриш ҳамда фарзандли бўлишни кечиктиришга ундаши мумкин. Шунингдек, зумерлар орасида фарзанд кўриш истаги ҳам аввалги авлодларга нисбатан пасайгани қайд этилган.
Тадқиқотда репродуктив саломатлик билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам эътиборга олинган. Унга кўра, 26 ёшли зумер аёлларнинг 18 фоизида фарзанд кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Бумерлар авлодида эса худди шу ёшда бу кўрсаткич 10 фоиз бўлган.
Муаллифлар туғилиш кўрсаткичининг пасайишини фақат ёшларнинг фарзандли бўлишни истамаслиги билан изоҳлаб бўлмаслигини таъкидлайди. Бунда иқтисодий шароит, шахсий танлов ва тиббий омиллар ҳам муҳим ўрин тутади.
Тадқиқот АҚШдаги ҳолатни акс эттиради. Шу сабабли унинг натижаларини бошқа мамлакатлар ёшларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмайди.






























Изоҳлар 0
…