Ғилдиракдек юмалайдиган илонлар олимларни ҳайратга солди (видео)

Жануби-Шарқий Осиё ўрмонларида учрайдиган майда илонларнинг ғайриоддий ҳаракати олимларни ҳайратда қолдирди. Улар хавф сезганида одатдагидек судралиб қочиш ўрнига, танасини ғилдирак шаклида айлантириб, олдинга юмалайди. Бу ҳақда Science News хабар берди.
Тадқиқотчилар Малайзиядаги Борнео оролида учрайдиган Pseudorabdion туркумига мансуб уч хил илоннинг ҳаракатини махсус камералар ёрдамида тасвирга олган.
Маълум бўлишича, илон аввал танасини «С» шаклига келтиради, кейин думини боши устидан олдинга ташлаб, қисқа вақт ҳавога кўтарилади. Думи ерга текканидан сўнг яна бир марта айланиб, ҳаракатни такрорлайди. Шу тариқа у ғилдиракдек юмалаб, тезлик билан олдинга силжийди.
Илонлар соатига 13 километргача тезликда ҳаракатланади
Тажрибалар давомида айрим илонлар секундига 3,7 метргача тезликка эришган. Бу соатига қарийб 13 километр дегани. Олимларни янада ҳайратлантирган жиҳат шундаки, илон танасининг асосий қисми айланаётган бўлса ҳам, бошини нисбатан бир хил ҳолатда ушлаб тура олади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай ғайриоддий ҳаракат усули илонларга йиртқичлардан тезроқ қочиш ва уларни чалғитиш имконини беради.
Тадқиқот натижалари 19 октябрь куни Current Biology илмий журналида эълон қилинган. Олимлар ушбу кашфиёт илонларнинг ҳаракатланиш имкониятлари ҳақидаги тасаввурларни янада кенгайтиришини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…