Америкаликлар камроқ овқатланмоқда: "оздирувчи дорилар" ресторан бизнесига таъсир қилмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШда 30 миллионга яқин катталар Веговй, Оземпик ва Зепбоунд каби оздирувчи дорилардан фойдаланиши натижасида ресторан бизнеси ўзгаришларга юз тутмоқда.
- Бу дорилар иштаҳани пасайтириб, истеъмолчиларнинг камроқ овқатланишига олиб келмоқда, бу эса ресторанларда кичикроқ порсиялар ва камроқ калорияли таомларга бўлган талабни оширмоқда.
АҚШда озиш учун қўлланиладиган GLP-1 препаратларининг оммалашиши ресторан бизнесига ҳам таъсир кўрсата бошлади. The New York Times маълумотига кўра, мамлакатда катта ёшли аҳолининг қарийб 11 фоизи, яъни 30 миллионга яқин киши Wegovy, Ozempic ва Zepbound каби дорилардан фойдаланмоқда.
Бундай препаратлар иштаҳани пасайтириши ва инсоннинг камроқ овқат истеъмол қилишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли айрим одамлар ресторанларга аввалгидан камроқ бормоқда, борганида эса кичикроқ порция буюртма қилмоқда ёки таомнинг бир қисмини қолдириб кетмоқда.
Атлантадаги Twisted Soul Cookhouse & Pours ресторани эгаси Дебора ВанТрис мижозлар идишда овқатнинг ярмини қолдириб кетаётгани кўпайганини айтган. Ресторан ходимлари бунга сабабни сўраганида, айрим мижозлар бу ҳолатни озиш учун қилаётган «уколлар» билан боғлашган.
Бу ўзгаришлар ресторанларни менюларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда. Кичикроқ порциялар, оқсилга бой таомлар ва калорияси нисбатан кам вариантларга талаб ортиб бормоқда.
Масалан, айрим ресторанлар катта порция ўрнига кичикроқ миқдордаги гўштни сабзавот ёки денгиз маҳсулотлари билан бирга таклиф қилиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Баъзи йирик тармоқлар эса GLP-1 препаратларини қабул қилувчилар учун мослаштирилган менюларни синовдан ўтказмоқда.
Шу билан бирга, ресторанлар учун янги муаммо ҳам пайдо бўлмоқда: порцияни кичрайтириш билан бирга нархни қандай белгилаш масаласи. Чунки маҳсулот миқдори камайгани билан ижара, ходимлар маоши ва бошқа харажатлар ўзгармаслиги мумкин.
Мутахассислар фикрича, GLP-1 препаратларидан фойдаланувчилар сони ортиб бориши билан ресторанлар ҳам истеъмолчиларнинг янги овқатланиш одатларига мослашишига тўғри келади.






























Изоҳлар 0
…