Десертга чумоли қўшган машҳур ошпаз қамоққа тушиши мумкин

Жанубий Кореяда Michelin юлдузига эга машҳур ресторан эгаси десертларни чумоли билан безатиб мижозларга тақдим этгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маҳаллий ОАВ маълум қилишича, прокуратура унга бир йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Шунингдек, икки Michelin юлдузига эга ресторанга нисбатан 20 миллион корея вони (тахминан 13,5 минг доллар) миқдорида жарима қўллаш ҳам талаб қилинган.
Маълум бўлишича, Жанубий Корея қонунчилигига кўра, инсон истеъмоли учун рухсат берилган ҳашаротлар рўйхатига чумолилар кирмайди. Рухсат этилган турлар қаторида чигирткалар, чўл чигирткалари ва икки доғли крикет каби ҳашаротлар мавжуд.
Ресторан эгаси судда чумолилар ҳақиқатдан ҳам таомларда қўлланганини тан олган. Бироқ унинг таъкидлашича, улар рестораннинг 15 та таомдан иборат менюсида фақат десерт — сорбет учун кичик безак сифатида ишлатилган. Шунингдек, меҳмонларга чумоли ўрнига бошқа қўшимчаларни танлаш имконияти ҳам берилган.
Мазкур ҳолат Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги мутахассислари интернетда эълон қилинган мижозлар фикрлари ва таом суратларини ўргангач маълум бўлган. Расмларда десертлар устига чумолилар сепилгани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, ресторан тўрт йил давомида АҚШ ва Таиланддан олиб келинган қарийб 49 мингта чумолини бир нечта таом тайёрлашда ишлатган.
Текширув давомида яна бир жиддий ҳолат ҳам аниқланган. Соғлиқни сақлаш идоралари ресторанда ишлатилган чумолилар таркибида оғир металл миқдори оддий истеъмолга рухсат берилган ҳашаротларга нисбатан 55 бараваргача юқори бўлганини маълум қилди.

Жанубий Кореяда ҳашаротларни озиқ-овқат сифатида тасдиқлашда уларнинг хавфсизлиги, заҳарлилиги, озиқавий қиймати ҳамда санитария талабларига мувофиқ етиштирилиши каби мезонлар ҳисобга олинади.
Ресторан эгаси ўз ҳимоясида мижозларнинг атиги 60 фоизи чумолили десертни танлаганини, қолганларига эса ферментланган сирка ёки ейиш мумкин бўлган гуллар билан тайёрланган муқобил вариантлар таклиф этилганини айтди. Шунингдек, у Австралия, Дания ва Буюк Британиядаги айрим ресторанларда ҳам чумолилар ингредиент сифатида қўлланилишини мисол келтирди.
Суд ҳужжатларида ресторан ва унинг эгаси номи ошкор этилмаган. Ҳозирги вақтда Жанубий Кореяда иккита Michelin юлдузига эга 10 та ресторан мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси Сеул шаҳрида жойлашган.
Michelin Guide мезонларига кўра, ресторанларга юлдузлар маҳсулот сифати, таъм, ошпаз маҳорати, тайёрлаш техникаси, ижодкорлик ва барқарор сифат асосида берилади. Икки юлдузга эга муассасалар «ажойиб таомлари учун алоҳида ташрифга арзийдиган ресторан» сифатида баҳоланади.
Мазкур иш бўйича суд ҳукми 2 сентябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда. Айтиш жоизки, чумоли айрим Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида истеъмол қилинади. Масалан, Таиланд ва Камбожада тўқувчи чумолилар ҳамда уларнинг тухумлари таом тайёрлашда ишлатилса, Колумбияда она чумолилар ҳатто икра каби қимматбаҳо ноз-неъмат ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…